Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университет ва мактаб ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилади
09:38 / 2022-11-10

Бугунги кунда олий таълим даргоҳлари билан мактаблар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини тобора кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса мактаблардаги таълим сифатини янада ошириш, педагогларнинг касбий малака ва маҳоратини юксалтириш, уларни таълим соҳасидаги инновацион усуллар билан янада кенгроқ таништиришда муҳим омил бўлмоқда.

Тошкент давлат техника университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Тошкент вилояти Бўка туманидаги 5-сонли мактабда бўлишди. Учрашувда мазкур олий таълим даргоҳи ҳамда умумтаълим мактаби ўртасидаги ҳамкорликни тобора кучайтириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.  

Мулоқот давомида ўқитувчиларга инновацион педагогик технологиялардан дарс жараёнида фойдаланиш услубияти ҳақида маълумот берилди. Ҳамкорликда услубий қўлланмалар, методик кўрсатмалар ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.  

Ҳамкорлик доирасида ТошДТУ қошида иқтидорли ўқувчилардан иборат гуруҳни тузиш, университет кафедраси ўқитувчилари томонидан умумтаълим мактабини ўрганиш натижасида мактабни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича келгусидаги мақсадли ҳамкорлик режасини тузиш, умумтаълим мактабларида дарс жараёнларини кузатиш ва таҳлил қилиш натижасида мактаб ўқитувчиларида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш ва методик ёрдам бериш мақсадида барча фан ўқитувчиларига маҳорат дарслари ҳамда кўчма амалий дарслар ташкил этиш каби вазифалар кўзда тутилган.  

Шунингдек, мактабнинг юқори синф (8-11синф) ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ташкил қилиш ва унда катта ҳаётий тажрибага эга, илм соҳасида машаққатли йўл босиб ўтган олимларнинг фарзанд тарбияси борасидаги фикр-мулоҳазалари ва ҳаётий тажрибалари ҳақида маълумот бериш, университетда ушбу мактаб ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиб бориш, бунда ўқувчиларга қизиқишлари бўйича экскурсиялар ташкил этиш орқали АРМ, АТМ, лаборатория, музейлар, маъруза заллари ва ўтказиладиган дарс жараёнлари билан яқиндан таништириш ҳам режалаштирилган.  Шу билан бирга, ўзлаштириш даражаси бўйича энг иқтидорли ва энг ўзлаштириш даражаси паст ўқувчиларни ажратиб, уларнинг қайси фанларга қизиқишини аниқлаш ва ўқувчи қизиққан фан бўйича қўшимча дарсларга жалб этилади.  

Мактаб ўқитувчиларига дарс жараёнида фойдаланиш учун 20 та тарихий китоб кутубхонага ҳадя қилинди. Учрашув жараёнида ўқитувчиларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мавзуидаги маҳорат дарси ўтказилди.  

Ўқитувчилар томонидан берилган саволларга университет педагоглари батафсил жавоб қайтарди.  

 

О.Бекмуродова,  

ЎзА