Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университет уюшмаган ёшларни қўллаб-қувватламоқда
07:54 / 2024-04-12

Ўтган йилнинг апрель ойида Президентимиз ташаббуси билан барча даражадаги раҳбарлар, шу жумладан, олий таълим муассасалари ректорларига “оғир” тоифага кирувчи, эътиборга муҳтож 50 нафардан ёшни бириктириш ва улар билан мунтазам иш олиб бориш топшириғи берилган эди.

Наманган давлат унивeрситeти рeкторига бириктирилган Поп туманида яшовчи 51 нафар ёш билан ўтган давр мобайнида индивидуал тарзда иш олиб борилиши натижасида бугунга келиб ҳар бир ўғил-қизнинг жамият ва ҳаётда ўз ўрнини топишига эришилди. Уларнинг муайян касб-корга, даромадга ва ўз иш ўрнига эга бўлганлиги, айримларининг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани, соғлом ҳаётга қайтгани давлатимиз раҳбари томонидан йўлга қўйилган тизимнинг нечоғли тўғри ва оқилона ечим эканини амалда кўрсатди.  

Бу йил ҳам мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Жорий йилда Наманган давлат университети раҳбарияти ўзига бириктирилган Поп туманидаги Тошқўрғон, Водий, Янгиобод ва Бирлашган маҳаллаларида истиқомат қилувчи 29 нафар ёш билан иш олиб боради.

Рамазон ҳайити арафасида Поп тумани Янгиобод маданият саройида университет проректорлари, бўлим бошлиқлари ва факультет деканлари иштирокида айни шу масалага бағишланган ташкилий учрашув ўтказилиб, унда масъуллар ва уларга бириктирилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.  

Учрашувда Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов ҳукуматимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, жамиятда ҳеч бир йигит-қиз эътибордан четда қолмаслиги, бунинг учун барча имкониятлардан фойдаланилаётганини таъкидлади. Шунингдек, эътиборга муҳтож, ижтимоий-моддий жиҳатдан ёрдам зарур бўлган ёшларнинг муаммоларига ечим излаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланганини эътироф этди.

Тадбир ёшларнинг ректор билан юзма-юз мулоқотига айланди. Ҳар бир ёш билан суҳбатлашилди ва уларнинг ҳозирги ижтимоий аҳволи, муаммоси, режа-мақсадлари тингланди. Бу борада, айниқса, бириктирилган ёшларга шахсан олийгоҳ ректори номидан мактуб йўллангани, унда ҳар бир йигит-қизга юксак ишонч билдирилгани нафақат ёшлар, балки ота-оналар қалбида ҳам келажакка ишонч туйғусини уйғотди.

– Эндиликда, олий ўқув юртимиз маъмурияти томонидан ёшларнинг ҳар бири билан индивидуал тарзда иш олиб борилади, – дейди Наманган давлат университети “Пресс-клуби” раҳбари Санжарбек Ҳамидов. – Маҳалладаги уюшмаган ўғил-қизларнинг муаммо ва қийинчиликлари чуқур ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилади, бўш вақтларининг мазмунли ўтиши таъминланади, зарарли одатларини тарк этиб, соғлом ҳаётга қайтишлари учун барча имконият ишга солинади. Хорижий миграциядан қайтиб келган ёшлар ўз иш ўрнига эга бўлади.  

Учрашувдан сўнг масъуллар ўзларига бириктирилган ёшларнинг оиладаги шарт-шароити ва муаммоларини ўрганишга киришди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири