Бухоро давлат университети ҳузурида ташкил этилган “Robots and Kids” мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ички ишлар органлари фахрийлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда Бухоро давлат университети талабалари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект жадал ривожланаётган бугунги даврда бундай инновацион боғчанинг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бугунги кунда дунёда сунъий интеллект жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ана шундай даврда болаларда замонавий билим ва кўникмаларни эрта ёшдан шакллантиришга хизмат қиладиган боғчаларнинг очилиши қувонарли ҳол. Шу билан бирга, биз ўзбекона урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз ва маданиятимизни унутмаслигимиз лозим.
Тадбир давомида меҳмонлар боғчанинг таълим-тарбия жараёнлари, яратилган шароитлар, хавфсизлик талаблари ҳамда инновацион ёндашувлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, болажонларга янги йил совғалари тақдим қилинди. “Robots and Kids” болалар боғчасида 3 ёшдан бошлаб 11 та фан бўйича таълим берилади. Маскан 50 ўринга мослаштирилган. Таълим жараёни муаллифлик асосида ишлаб чиқилган замонавий методика орқали олиб борилиб, болаларда нафақат билим, балки фикрлаш, таҳлил қилиш ва ижодкорлик кўникмалари ривожлантирилади.
[gallery-26910]
Боғчада болалар ўқиш ва ёзиш, танқидий ва мантиқий фикрлаш, робототехника ва муҳандислик асослари, архитектура ва дизайн, гимнастика ва жисмоний ривожланиш, математика ва инглиз тили (ўйин орқали) йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлади. Ҳар бир боланинг руҳий ҳолати ва индивидуал ривожи доимий эътиборда бўлиб, боғчада малакали психологлар, логопедлар ва мутахассислар тизимли фаолият олиб боради.
Боғчада ота-оналар учун онлайн видеокузатув, кунига 3 маҳал соғлом овқатланиш, хавфсиз ва меҳрга бой муҳит яратилган. Мазкур “Robots and Kids” мактабгача таълим ташкилоти нафақат инновацион таълим маскани, балки Бухоро давлат университети битирувчилари ва талабалари учун реал бандлик майдони ҳам ҳисобланади.
Хусусан, ушбу МТТда БухДУ битирувчилари, 3-4-босқич талабалари, психология, робототехника, мактабгача таълим йўналиши битирувчилари, БухДУ Робототехника маркази аъзолари ишга қабул қилиниб, 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. “Robots and Kids” МТТ ёш авлодни замонавий билимлар билан бирга миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим маскан бўлиши билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.