French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университет "Дунё тиббиёт мактаблари рўйхати" дан жой олди
16:23 / 2025-10-04

Гулистон давлат университети Тиббиёт факультети Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) қошидаги World Directory of Medical Schools — “Дунё тиббиёт мактаблари рўйхати”дан муносиб ўрин олди.

Бу муҳим воқеа Сирдарёда яратилган тиббиёт таълими тизими нафақат миллий, балки халқаро мезонларга ҳам жавоб бераётганини англатади. Шу билан бирга, у талаба ва профессор-ўқитувчилар учун янги имкониятлар эшигини очиб, факультет нуфузини янада оширади.

Маълумки, мазкур рўйхатга киритилган тиббиёт факультетларининг диплом ва ўқув дастурлари дунё миқёсида эътироф этилади. Демак, эндиликда Гулистон давлат университети Тиббиёт факультети битирувчилари хорижда таҳсилни давом эттириш, нуфузли илмий-тадқиқот марказларида изланиш олиб бориш ёки йирик клиникаларда фаолият юритиш имкониятига эга бўлишади.

Факультетда халқаро стандартларга мос ўқув дастурлари, илғор педагогик технологиялар ва амалий машғулотларга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, халқаро тажрибага эга профессор-ўқитувчилар жалб этилган, замонавий лабораториялар ва симуляция марказлари фаолият юритмоқда.

– Бу ютуқ нафақат университетимиз, балки бутун вилоятимиз илмий-таълим салоҳиятини оширади. Битирувчиларимиз дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда, – деди факультет декани Фарҳод Шерназаров.

Мазкур ютуқ Сирдарёда тиббиёт соҳаси кадрларини тайёрлашда янги босқични бошлаб бериши, ёшларимизнинг халқаро майдондаги юксак муваффақиятларига замин яратиши шубҳасиз.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири