Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Универсиада-2025”: Спортчиларимиз бугун 4 та спорт тури бўйича ўз омадини синовдан ўтказади
09:43 / 2025-07-21

Германияда давом этаётган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг тўртинчи куни якунига кўра, Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони 2 тадан олтин ва бронза ҳамда 3 та кумуш, жами 7 тага етди.

Ушбу кунда фақатгина таэквондо WT баҳсларида биргина спортчимиз шоҳсупага кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мусобақанинг вазни 58 килограммгача бўлган таэквондочилар беллашувида иштирок этган Шамсиддин Қурбонов бронза медалини қўлга киритди.

Шунингдек, стол тенниси баҳсларида Марҳабо Магдиева мўғулистонлик Намунбайгали Эрдэнени 3:0 ҳисобида таслим этиб, кейинги босқичга йўл олди.  

Бугун, 21 июль куни спортчиларимиз сузиш, енгил атлетика, стол тенниси ва таэквондо WT йўналишларида медаллар учун рақобатлашади.

Маълумот ўрнида: “Универсиада-2025” мусобақасининг ўтган тўрт куни якунига кўра, АҚШ делегацияси 13 та олтин, 8 та кумуш, 15 та бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлиб турибди. Хитой эса 8 олтин, 12 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритган ҳолда иккинчи ўринга чиқиб олди. Жанубий Корея эса 7 та олтин, 4 кумуш ва 11 та бронза билан кучли учликдан жой олган.  

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА