Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
UNIDO Ўзбекистон тикувчилик соҳасида дизайнерлар ва андозачилар салоҳиятини оширишга кўмаклашмоқда
17:10 / 2025-10-07

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон тикув-трикотаж саноатини барқарор модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида дизайнерлар ва андозачилар учун ўқув тренинг ўтказилмоқда.

БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти ва Ўзбекистон тикувчилик ва трикотаж саноати ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижий экспертлар, дизайнерлар, андозачилар иштирок этяпти.

Тадбир давомида дизайнерларга халқаро экспертлар глобал мода тенденциялари, ранглар уйғунлиги, дизайн моделлари ва замонавий андоза тайёрлаш усуллари бўйича амалий машғулотлар ўтказиб, унда кийим мослиги, ўлчам бўйича самарали градация ва халқаро бозор талабларига мослашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

UNIDO лойиҳа жамоаси раҳбари Анита Траваини таъкидлаганидек, ушбу тренинглар натижасида Ўзбекистон тикувчилик секторини қиймат занжирининг юқори босқичларига олиб чиқиш кўзда тутилган.

– Ижодкорликни техник билимлар билан уйғунлаштириш натижасида маҳаллий корхоналар халқаро бозорларда муваффақиятли рақобатлаша олади ва ягона бренд остида ўзбек дизайнининг салоҳиятини намоён эта олади. Лойиҳа доирасида манфаатдор корхоналар Ўзбекистонни юқори сифатли ва дизайнга йўналтирилган тикувчилик маҳсулотларининг ишончли манбаи сифатида намоён этувчи миллий умумий брендни ишлаб чиқмоқда. Бу ташаббус компанияларга халқаро кўргазмаларда биргаликда иштирок этиш, йирик буюртмалар учун имкониятларни бирлаштириш ва “Made in Uzbekistan” брендининг жаҳон бозорида танилишига хизмат қилади. Ижодкорлик ва техник модернизация уйғунлиги орқали умумий бренд Ўзбекистон тикувчилик саноатининг халқаро нуфузини замонавий, барқарор ва рақобатбардош тарзда мустаҳкамлайди, – деди у.

UNIDOнинг маҳаллий эксперти Элнора Ризаеванинг маълум қилишича, “Саноатни ривожлантиришнинг барқарор модернизацияси” лойиҳаси Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш, тикув-трикотаж саноати рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

– Мазкур лойиҳа асосида 10 та корхона танлаб олинган ва уларнинг дизайнерлари бугунги тренингга таклиф этилган. Бундан кўзланган мақсад эса дизайн, брендинг ва маркетинг соҳаларида маҳаллий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда жамоавий экспорт имкониятларини мустаҳкамлашдир. Ушбу ташаббус мамлакатнинг минтақавий тикувчилик марказига айланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаб, экспорт салоҳиятини, аёллар иқтисодий имкониятларини ва саноатнинг барқарор ривожланишини илгари суради. Ўтказилаётган машғулотлар бу жараёнда ижодкорлик ва ишлаб чиқариш амалиётини уйғунлаштиришга, шунингдек, маҳаллий корхоналарни юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортга тайёрлашга замин яратади, – деди Э.Ризаева.

Таъкидлаш керакки, ушбу ташаббус Россия Федерацияси молиявий кўмаги билан амалга оширилмоқда. Тренинг машғулотлари эртага ҳам давом этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 14-15 октябрь кунлари Фарғонада ҳам шу каби жамоавий тренингларни ташкил этиш режалаштирилган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА