Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Украинадаги вакили Мунир Маммадзода тузилманинг Женевадаги идорасида бўлиб ўтган ҳафталик матбуот анжуманида чиқиш қилди.
Унинг таъкидлашича, 2022 йил февраль ойидан бери Россия билан уруш ҳолатида қолган Украинадаги болалар ҳужум ва кучли совуқдан азият чекмоқда. Ҳозир ушбу мамлакат зиддият мобайнидаги энг оғир қишни бошдан кечирмоқда.
Пойтахт Киев ва бошқа йирик шаҳарларда қаҳратон кузатилмоқда, ҳарорат янада пасайиши эҳтимоли бор.
- Украина бўйлаб миллионлаб оила иссиқлик, электр энергияси ёки сувсиз кун кечирмоқда, - дейди мулозим.
- Болалар ўзини хавфсиз ҳис қила оладиган жой қолмаган. Янги туғилган чақалоқларда кузатиладиган Гипотермия айни пайт энг ташвишли муаммолардан бирига айланди. Таълим ҳолати жуда ёмон. Қийин яшаш шароитини кучайтирган қиш хавфи болалар орасида фожиали ўлим сонини олдинги йилга нисбатан 11фоиз оширди. Қайд этилишича, ўтган йил 92 бола ҳалок бўлган, 652 ўғил-қиз жароҳатланган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идораси маълумотига кўра, Россия билан уруш бошлангандан бери фақат ҳукумат назоратидаги ҳудудларда 3200 бола ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. UNICEF болалар ишончли қўним топадиган тинч аҳоли манзиллари ва инфратузилмага қилинаётган ҳужумларни тўхтатишга чақирмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА