UNICEF Судандаги 700 мингдан ортиқ боланинг ҳаётидан хавотирда
UNICEF вакили Жеймс Элдер жума куни Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Суданда бу йил 700 мингдан ортиқ бола тўйиб овқатланмасликнинг энг оғир ҳолатларидан азият чекиши ва 10 минглаб инсон ҳалок бўлиши мумкинлигини айтди. Ташкилот 840 миллион доллар гуманитар ёрдам сўраган.
Мамлакатда давом этаётган уруш шаҳар инфратузилмасини вайрон қилиб, миллионлаб одамларни кўчиб кетишга мажбур қилди.
"Болалар омон қолиши учун халқаро ёрдамга муҳтожмиз", деди UNICEF ижрочи директори Кетрин Расселл. БМТ маълумотига кўра, тахминан 25 миллион (мамлакат аҳолисининг ярми) киши гуманитар ёрдам ва ҳимояга муҳтож. 1,5 миллиондан ортиқ киши эса Марказий Африка Республикаси, Чад, Миср, Эфиопия ва Жанубий Суданга қочиб ўтган. БМТ қўшни давлатларга кўчганларни қўллаб-қувватлаш учун 4,1 миллиард доллар ёрдам сўрамоқда.