Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
UNICEF: Ҳар олти боладан бири можаро ҳудудида яшамоқда
15:35 / 2024-12-29

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси маълумотига кўра, дунё бўйлаб қарийб 473 миллион ёки ҳар олтинчи бола қуролли можаро зонасида яшайди.

UNICEF баёноти шанба куни бутун дунё бўйлаб, жумладан Ғазо, Судан ва Украинада давом этаётган уруш ҳаракатлари асносида янгради.

Хусусан, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳалокатли уруши чоғида анклавнинг салмоқли қисмини вайронага айлантирган 15 ойлик тўқнашув камида 17 492 ўғил-қиз ҳаётига зомин бўлгани айтилган.

– Деярли барча кўрсаткичларга кўра, 2024 йил UNICEF тарихида можарога дуч келган, жабрланган болалар сони ҳамда уларнинг ҳаётига салбий таъсири бўйича энг ёмон йиллардан бири бўлди, – деди UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел.

Унинг айтишича, зиддият ҳудудида ўсаётган боланинг мактабдан ташқарида қолиши, тўйиб овқатланмаслиги ёки уйини ташлаб кетиши эҳтимоли бошқа ҳудудларда яшовчи болаларга қараганда анча юқори.

– Бу янги норма бўлмаслиги керак, биз назоратсиз урушлар болалар авлодига зарар етказишига йўл қўя олмаймиз, – деди директор.

Жамғарма маълумотига кўра, можаро зоналарида яшовчи болалар салмоғи икки баробар ошган, ўтган асрнинг 90-йилларидаги 10 фоизлик мазкур кўрсаткич ҳозир қарийб 19 фоизга етган.

Ҳисоботга кўра, 2023 йил охирига келиб 47,2 миллион бола можаро ва зўравонлик туфайли уй-жойини тарк этган. 2024 йилдаги тенденция турли мамлакатлар, жумладан Гаити, Ливан, Мьянма, Фаластин ҳудуди ва Суданда кучайиб бораётган ҳарбий ҳаракатлар туфайли кўчиш салмоғи янада ошишига ишора қилмоқда.

– Дунё бу болаларни мағлуб этмоқда. 2025 йилга қадам ташларканмиз, вазиятни ўзгартириш, болалар ҳаётини сақлаб қолиш ва яхшилаш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак, – деди Рассел.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА