French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уни оддий талаба дейиш камлик қилади
17:15 / 2026-03-05

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни олдидан

Ҳақиқий ижодкор ўз қалбидаги туйғу ва кечинмаларини сўз орқали жуда ёрқин тарзда  намоён эта олади. Висола Турсунова ҳам ана шундай иқтидорли ёш ижодкорлардан ҳисобланади.

Висола жорий йилнинг 3 мартида Президент фармонига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.  

2005 йилда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида туғилган Висоланинг ҳаёт йўли  ижод ва билим билан чамбарчас боғланди. У Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида таҳсил олиб, адабиётга бўлган меҳр ва интилишларини янада мустаҳкамлади. Ана шу даргоҳда у сўзнинг масъулиятини, ижоднинг маънавий қудратини чуқур ҳис этди.

Бугун Висола Жиззах давлат педагогика университети филология факультети, хорижий тил ва адабиёти йўналишининг 2-босқич талабаси. Бироқ уни фақат оддий талаба дейишлик камлик қилади.  У айни пайтда шоира, тадқиқотчи ва ташаббускор ёшлардан бири.

Ёш ижодкорнинг “Камалак юлдузлари” ва “Капалакка мактуб” номли шеърий тўпламлари ўқувчиларга яхши таниш. Туркияда нашр этилган “Hilvis” (маъноси  - ширинлик, латофат) тўплами эса унинг ижоди халқаро майдонга ҳам кириб бораётганини кўрсатади. Унинг шеърларида ёшлик самимияти, инсон қалбининг нозик кечинмалари ва Ватанга бўлган муҳаббати ўзига хос тарзда ифода этилади.

Висола фақат бадиий ижод билан чекланиб қолмай, илмий изланишларда ҳам фаол. Ўзбек адабиёти, миллий қадриятлар, жадидчилик даври, халқ оғзаки ижоди ва замонавий адабий жараёнларга бағишланган илмий мақолалари республика ва халқаро журналларда чоп этилган. Унинг тадқиқотларида адабиёт миллат маънавияти ва тафаккурининг муҳим манбаи сифатида талқин қилинади.

Висола яратган “Имҳоч” тест тузиш платформаси атиги 30 сония ичида мукаммал тестлар тайёрлай олиши билан аҳамиятли.  

Висола Турсунова халқаро танловларда ҳам ўз иқтидорини намоён этди. Италия, Франция, Россия Федерацияси, Туркия ва Мисрда ўтказилган халқаро танловлардаги адабий-бадиий ижод йўналишларида ғолибликни қўлга киритгани бунинг яққол исботидир.

Унинг шахсиятида яна бир муҳим жиҳат бор — камтарлик ва фидоийлик. У жамоат ишларида фаол иштирок этади, волонтёрлик ҳаракатларида қатнашади, тенгдошларига намуна бўлади. “Қизлар овози” клубининг вилоят таълим йўналиши координатори сифатида  ташаббускорлик кўрсатиб келмоқда.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти, аввало, юксак маънавият, билим ва фидойилик рамзидир. Висола Турсунованинг бу мукофотга сазовор бўлиши — унинг шахсий ютуғигина эмас, балки замонавий билимли, ижодкор ва ташаббускор ўзбек қизларининг салоҳиятини намоён этувчи муҳим воқеадир.

Ёш ижодкорнинг қаламида ёрқинлик, тафаккурида изланиш, қалбида эса Ватанга оташин муҳаббат бор. Ана шу фазилатлар унинг йўлини янада ёритиб, янги ижодий парвозларга илҳом бахш этиши шубҳасиз.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири