Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳунармандлар сулоласининг саккизинчи вакили
14:44 / 2020-08-18

Ғазғонлик Тоҳир уста Раҳимов тоштарошлар авлодидан бўлиб, мармарга ишлов бериш анъанасини давом эттириб келаётган сулоланинг саккизинчи авлоди. Манбаларда Тоҳир уста Раҳимовнинг бобоси Абдураҳим Турдиев ўз соҳасининг моҳир устаси эканлиги эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига

Нурота туманидаги қадимий Ғазғон қўрғончаси бугунги кунда шаҳарча деб аталади. Ғазғон ҳақида тарихий манбаларда мармарларга бой макон, дея таъриф берилган. Ҳозир ҳам тошли шаҳарча ўзининг қизил, оқ ва турли рангдор мармарлари билан машҳур. Ҳудудда “Мармаробод” давлат унитар корхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Ғазғонлик Тоҳир уста Раҳимов тоштарошлар авлодидан бўлиб, мармарга ишлов бериш анъанасини давом эттириб келаётган сулоланинг саккизинчи авлоди. Манбаларда Тоҳир уста Раҳимовнинг бобоси Абдураҳим Турдиев ўз соҳасининг моҳир устаси эканлиги эътироф этилган. Замонасининг зиёлилари қатори 1937 йилда қамоққа олиниб, қайтиб келмагани қайд қилинган. Тоҳир уста Раҳимовнинг ота-боболари қабртошларни аслидек тиклай оладиган, ундаги ёзувларни бехато кўчириб, нуқсонсиз ёдгорлик барпо этадиган моҳир сангтарош бўлган. Сулоланинг ҳар бир вакили ўзига хос нозик диди, мармарга гўзал нақшлар акс эттира олиш қобилияти билан алоҳида ажралиб турган.

Тоҳир устанинг айтишича, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг сулоланинг сангтарошликдаги фаолияти янги босқичга кўтарилган. Бунда ушбу сулола вакиллари фақат қабртош ясаш эмас, тарихий ёдгорликларни тиклаш, таъмирлаш, безашга жалб этилган. Т.Раҳимов дастлабки йирик ишини 2001 йили Бухоро амири Амир Олимхоннинг бобоси Абдулаҳадхон қабрини таъмирлашдан бошлайди. Қаҳрамонимизнинг илк иши кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинади. Унинг сангтарошлик санъатига эътибор янада ошади. Шундан сўнг, Тоҳир уста республика бўйлаб тарихий ёдгорликларни тиклаш ишларида фаол қатнаша бошлайди.

Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий, Сўфи Оллоёр, Султон Саодат, Қашқадарёдаги Хўжаи Жарроҳ, Султон Мирсаид Ҳайдар, Абдулазиз Муборак, Абул-Муъийн ан-Насафий, Бухородаги Хўжа Азизхон, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бобои Самосий, Моҳитобон каби етук дин ва маърифат кишиларининг қабрини қайта таъмирлашда иштирок этди. Шогирдлари билан бирга Баҳоуддин Нақшбанд тарихий манзилгоҳини мармар панжаралар билан безади. Нуротадаги Чашма ёдгорлигидаги бунёдкорлик ишларига ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Карманадаги қадимий зиёратгоҳларнинг замонавий ва гўзал бўлиб қад кўтаришида ҳам фаол иштирок этди. Тошкентдаги Зангиота ва унинг рафиқаси Анвар отин, Сузукота, Шайхонтоҳур, Илонли бобо қабрларидаги тошларнинг яроқлиларини таъмирлаб, эскиларини янгилаган. Андижондаги Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг зиёратгоҳига 5 тонналик рамзий қабрни ўрнатди. Водийлик мутафаккирлар Шоир Ҳазиний, Султон Увайс қабртошларини замонавий кўринишга келтирди. Хоразмдаги қалъаларни таъмирлашда қатнашди. Қорақалпоғистонда шоир Бердақ ва унинг устози Ажиниёз домла, Ҳаким ота зиёратгоҳлари замонавий кўринишга эга бўлишига ҳисса қўшди.

3-_2_.jpg

– Мустақиллик бизга тарихимизни рост ва ўз ҳолича тарғиб қилишни ўргатди, – дейди Тоҳир уста Раҳимов. – Мен бу гапларни ўз бошидан ўтказган сангтарош сифатида айтаяпман. Қарийб 20 йилдан буён Ўзбекистон бўйлаб тарихий ёдгорликларни тиклаш, таъмирлаш ишларига бош қўшиб юрибман. Тинч юртга тўйлар ярашади, дейди. Катта-катта байрамлар ўтказиладиган Самарқанд Регистонидаги амфитеатрни, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрини оппоқ мармарлар билан безадик. Тинчлик бизга Афғонистонда ётган боболаримизнинг ҳам қабрларини обод этиш имконини берди. Ҳазрат Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Мавлоно Лутфий, Мусаввир Рустам қабртошларини янгилаб келдик. 2016 йил сайловолди учрашувларида Президентимиз Нуротага ташриф буюрганида у киши билан учрашиб, суҳбатини олганман. Давлатимиз раҳбари хизматларимни юқори баҳолаб, мени “Ўзбекнинг Фарҳоди”, деб эътироф этганди ва касб-коримга барака тилаган эди.

Устоз-шогирд анъаналари ҳар бир соҳанинг янада тараққий этиб, бардавом равнақ топишига ҳисса қўшади. Тоҳир устанинг хонадонида 10 нафар уста доимий ишлаб турган бўлса, карантин даврида яна 10 нафар йигит қўшилган. Яна соҳага қизиқувчи ўнлаб ёшлар ҳунар ўрганишга бел боғлаган. Устанинг айтишича, кейинги йилларда соҳага қизиқувчилар сони кундан кун ортиб бормоқда.

– Шогирдларимнинг ҳар бир ишида уларга бош бўлиб тураман, – дейди Т.Раҳимов. – Нозик ишларни ўзим қиламан. 25 йиллик шогирдларим уй-жойли, қўша-қўша машинали бўлган. Ҳозир ҳам қўл остимдаги янги шогирдларим икки миллиондан беш миллионгача ойлик олмоқда. Қишда мавсум бўлмаса ҳам ишчиларимни моддий рағбатлантириб тураман. Рўзғоридан хабар олиб, камчиликларини бартараф этишга ёрдам бераман. Иш қуролинг соз бўлса, ишинг унумли бўлади, дейишади. Жараёнларда фақат сифатли асбоб-ускуналардан фойдаланаман ва шогирдларимни ҳам шундай қилишга ундайман. Қалам, теша, болғаларни ўзим ясайман. Ҳеч бир заводда мармар ўймакорлигида ишлатиладиган махсус ускуналар ишлаб чиқарилмайди. Мустаҳкам бўлмаган болға ва тешалар бизнинг меҳнатимизга ярамайди. Шунинг учун ўзим эски буюмлар сотадиган бозорларни тез-тез айланаман. Сифатли ва яроқли темир маҳсулотларини сотиб олиб, уйда ясайман. Мармарга ишлов бериш ўта машаққатли иш. Кишидан сабр, чидам ва қунт талаб қилади. Қўл ишини мукаммал ўрганган уста ҳеч қачон панд емайди. Ҳар ерда тирикчилигини кўриб кетаверади.

Тоҳир уста Раҳимов 1961 йилда Ғазғон қўрғонида туғилган. Ҳудуддаги 6-мактабни тамомлаган. Ҳарбий хизматни ўтагач, қўрғондаги Мармар заводида 6 йил ишлаб, тажриба орттирган. Сўнг ўз уйида шахсий корхона очиб, фаолиятини кенг жабҳада давом эттирган. Юзлаб тарихий иншоотларни барпо этишга ўз ҳиссасини қўшган Тоҳир ака бугун ҳам қизғин иш фаолиятида. Қалам билан мармарга нақш солади, болға билан ишлов бериб, теша билан шакл беради.

Инсон қўли гул, деган ибора айнан тошдан гўзаллик яратаётган инсонларга нисбатан ишлатилса керак, деб қоласан киши. Тоҳир ака ҳам тош билан сирлашиб, уни ҳам “гапиртириб” юборади. Натижада гўзал санъат асари пайдо бўлади.

Тоҳир уста отларни севади. Мармарга шакл бериш, нақш босиш ишларидан бироз толиққанда от боқади, отда обод қўрғончани сайр қилади. Карантиннинг юмшаганидан мамнун қўшниларидан ҳол сўрайди, байрамлар билан қутлайди. Ўзи истиқомат қилувчи маҳалланинг ободончилик ишларига кўмаклашади. Кекса ва ногиронлар ҳолидан тез-тез хабар олади. Шунинг учун ҳам ғазғонликлар Тоҳир уста Раҳимов ҳақида фақат яхши сўзлар айтишади.