Ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш линияси иш бошлади
Фарғона вилояти Учкўприк туманида “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги “Admiral Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси тамомланиб, йиллик 185 минг тонна ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш линияси ишга туширилди.
Лойиҳани амалга оширишга корхона муассисларининг 6 миллион доллар ўз маблағи йўналтирилди. Корхонага Туркиядан замонавий ускуна ва жиҳозлар келтирилди. Янги линиянинг ишга тушиши натижасида қўшимча 120 та янги доимий иш ўрни шакллантирилди. Йиллик 185 минг тонна қўшимча ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобига корхонанинг экспорт салоҳияти йилига 20 миллион долларни ташкил этади.
[gallery-10084]
“Admiral Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига жами 350 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
М.Сулаймонов,
М. Қодиров олган сурат