“Сурхондонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг Жарқўрғон туманидаги “Алпомиш” ун тегирмони маъмурий биносига кириш қисмининг чап томонида туман ҳокимлигининг захира ер майдонидаги 146 туп туя ва 2 туп қарағай арча дарахтларини тегишли рухсатномасиз қонунга зид ҳолда таг қисми билан олиб ташлагани аниқланди.
Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Жарқўрғон туман инспекцияси инспекторлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили девони билан келишиб, ўтказган текширувда корхона раҳбарлари бу ерда футбол майдони қурмоқчи экани маълум бўлган.
Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисда”ги қонунининг 37-моддасини қўпол равишда бузган ун тегирмони мутасаддилари бу қилмиши билан табиатга 173 миллион 705 минг сўм зарар етказган.
Мазкур ҳолат бўйича табиат жонкуярлари далолатнома тузиб, “Алпомиш” ун тегирмони раҳбари ва текширишда иштирок этган ходимидан тушунтириш хати ёзиш, текшириш далолатномаси ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага имзо чекиш сўралганида улар асоссиз равишда бош тортиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197 прим 6-моддасида кўзда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган.
Айни пайтда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиб, унинг кўрсатмаларини бажармаган раҳбар ва ходимга нисбатан тегишли баённома расмийлаштирилиб, барча ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
Холмўмин Маматраимов, ЎзА