Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги махсус автодромда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан автокросс бўйича Ўзбекистон кубогининг биринчи босқич мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 60 нафардан ортиқ спортчи “А7”, “А8”, “NU” ва “Baggi” синфларига кирувчи спорт автомобилларида ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Икки кун давом этган қизғин ва муросасиз беллашувлардан сўнг “Багги” синфида Жиззах вилояти вакили Ғайрат Одилов биринчи ўринни эгаллаган бўлса, “А-7” синфида самарқандлик спортчи Аслиддин Сиддиқов, “А-8” синфида Жиззах вилоятининг “Best club” жамоаси аъзоси Николай Саев, “NU” синфида ҳам жиззахлик Самандар Ҳусанов ғолибликни қўлга киритди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Жиззах вилояти жамоаси биринчи, Самарқанд вилояти жамоаси иккинчи ҳамда Жиззах вилоятининг “Best club” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан муносиб тақдирланди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА