Ҳашар халқимиз аҳиллиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлигининг яна бир ёрқин ифодасидир. Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрамини муносиб нишонлаш, халқимиз орасида бирдамлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 22-23 август кунлари мамлакатимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ҳашарни юксак савияда ўтказиш мақсадида 14 та вилоят ва 208 та туман (шаҳар)да ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлари тузилди.
Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси, вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида мутасадди ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат Штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳашарда вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Ҳар бир маҳаллада ҳашар давомида амалга ошириладиган ишлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳашарда ҳар бир кўчада ва кўп қаватли уйларда амалга ошириладиган ишлар “кўчабай” ҳамда кўп қаватли уйларда “хонадонбай” шакллантирилиб, “маҳалла еттилиги” аъзолари ва маҳалла фаоллари бириктирилди.

Ҳашарнинг биринчи куни давомида қуйидаги ишлар амалга оширилди. 53 минг 509 та кўчат экилиб, 9 минг 342 гектардан ортиқ майдон, 8 минг 982 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди. 4 минг 104 та қабристон, 221 та зиёратгоҳлар, 3 минг 786 та болалар ва спорт майдончаси тартибга келтирилди. 7 минг 67 тоннадан зиёд чиқиндилар чиқариб ташланди. 7 миллион 168 мингдан зиёд дарахтлар оқланиб, таги чопиб юмшатилди.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун зарур техника воситалари жалб этилди.

Шу билан бирга, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 19 минг 479 та кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 27 минг 250 нафар эҳтиёжманд оилалар, шу жумладан, 8 минг 581 нафар ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатимиз бўйлаб қизғин давом этмоқда.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири