Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумхалқ референдуми мамлакат ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага айланади
10:05 / 2023-03-14

Деярли бир ярим ойдан сўнг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлиб ўтади. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни умумхалқ референдумида овозга қўйилади. Референдум жорий йилнинг 30 апрель санасида, якшанба куни ўтказилади.  

2021 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида сенатор ва депутатлар, кенг жамоатчилик, халқ билан маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган эди.  

Орадан бир ярим йилга яқин вақт ўтди. Мазкур муддат давомида Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилди.  

Фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклифларини йиғиш, умумлаштириш, уларни Конституциявий комиссияга тақдим этиш тизимини ишга тушириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мутасаддилар томонидан “Менинг Конституциям” онлайн платформаси, call-марказ, почта, жумладан, электрон почта ҳамда телеграм махсус боти орқали таклиф ва мулоҳазалар юбориш учун барча имкониятлар яратилди.  

Конституциявий комиссия эса ўз фаолиятини уч босқичда амалга оширди. Биринчи босқичда, Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифлар қабул қилинди, жамланди ва таҳлил қилинди. Қисқа муддатда фуқаролардан 60 мингдан зиёд таклиф ва ғоялар келиб тушди.  

Иккинчи босқичда, парламент томонидан ишлаб чиқилган, такомиллаштирилаётган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилди.  

Якуний босқичда эса умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган қонун лойиҳаси Президентимиз таклифига асосан, референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиниши кўрсатиб ўтилди.  

Янгиланаётган Конституция юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилиши, энг аввало эса “Инсон қадри учун” ғоясини устувор йўналиш сифатида белгилаши қайд этилди. Шу мақсадда 2022 йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтган эди. Мазкур мулоқотда давлатимиз раҳбари “Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман. Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади”, дея алоҳида эътироф этгани бежиз эмас.  

Натижада инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури устувор мақсад қилиб олинган, изчил ва пухта ўйланган, бир неча босқич давомида ишлаб чиқилган Бош қомусимизнинг янги таҳрирдаги варианти ишлаб чиқилди. Ўзбекистонда Конституцияни ўзгартириш бўйича халқ сайлови – референдум эса 30 апрелга белгиланди.  

Моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Шунингдек, 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгариш киритиляпти. Конституция матни 65 фоизга янгиланди.  

Ҳужжатда “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” дея ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” дея эълон қилинмоқда. Яъни давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалари қарийб 3 баробар ортиши кутилмоқда.  

Янги Конституция лойиҳасида таълим соҳасида ҳам кўплаб нормалар келтирилмоқда.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилмоқда. Фуқаролар тиббий ёрдамнинг қонунда кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли экани ўз аксини топаётир. Шу билан бирга, давлат зиммасига аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.  

Лойиҳада давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашининг раиси, ҳокимларга айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид демократик қоида киритилмоқда.  

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар энг аввало, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилиши зарур. Ана шундагина халқимизни фаровонлик, мамлакатимизни эса барқарор тараққиёт сари етаклайди.    

Эркинжон МАҲМУДОВ,  

Қўқон шаҳар Адлия бўлими бошлиғи  

ЎзА