Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумхалқ ҳашарида 1 миллион тупга яқин мевали ва манзарали кўчат ўтқазилади
09:36 / 2022-04-29

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги тегишли фармойиши асосида жорий йилнинг 30 апрель куни “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшод Усмонов иштирокида ўтказилган  брифингда мазкур тадбир бўйича маълумот берилди. 

Қайд этилишича, ҳашар давомида 15 минг гектардан зиёд ер-майдонларни ободонлаштириш, 6 минг километрдан зиёд ариқ ва зовурларни  тозалаш режалаштирилмоқда.  Шунингдек, хайрия ҳашарида 300 дан зиёд зиёратгоҳ, 9 мингга яқин қабристон, ҳамда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, болалар майдончалари тартибга келтирилади. 

8 миллиондан зиёд аҳоли иштирок этиши кутилаётган хайрия ҳашарида  “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллион тупга яқин мевали ва манзарали кўчатлар ва 2 миллион тупдан зиёд гул кўчатларини ўтқазиш кўзда тутилмоқда. 

“Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” деб номланган хайрия ҳашари  Рамазон ҳайити ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида ташкил этилаётганлиги сабабли 5 мингга яқин оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди фонд маблағлари ҳисобидан салкам 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.  

9 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар ва 3 мингга яқин якка-ёлғиз қарияларга 3 миллиард сўмга яқин моддий кўмак кўрсатилади. Бундан ташқари, ҳашар куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, уларга саховат ва мурувват ёрдамлари амалга оширилади. 

Хўш, умумхалқ ҳашарида иштирок этиш мажбурийми? Қайси вақтда  ҳашар учун ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолинади? 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, умумхалқ ҳашарида иштирок этиш мутлақо ихтиёрий. Ходимларнинг 1 кунлик иш ҳақи эса фақатгина уларнинг розилиги билан, ўзаро келишув асосида ушлаб қолиниши мумкин. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, ходимнинг ёзма розилиги бўлмай туриб унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмас.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА