Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумтаълим тизимига ўтган йилга нисбатан 4,5 триллион сўм кўп маблағ ажратилган
17:23 / 2023-12-11

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат бюджетининг жорий йил 9 ойлик ижроси кўриб чиқилар экан, депутатлар масалага партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашдилар.

Тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига 42,9 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,3 триллион сўм кўп маблағ йўналтирилди. Бунда мактабгача таълимга жами 8 триллион 346,9 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, қамров даражаси 73 фоизни ташкил этди.  

Умумтаълимга 27,9 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,5 триллион сўм кўп маблағ ажратилди. 10 минг 130 та умумтаълим мактабларини 7 турдаги миллий чолғу асбоблари билан таъминлаш учун республика бюджетидан 49,8 миллиард сўм ажратилган бўлиб, таъминотчилар томонидан жойларга етказиб берилган 9 минг 734 тўплам хариди бўйича 41,2 миллиард сўмлик (83 фоиз) касса харажатлари амалга оширилган. Шунингдек, 6 номдаги бирламчи спорт жиҳозлари билан таъминлаш харажатлари учун 62,1 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 97 фоиз маблағ ўзлаштирилди.  

Шунингдек, таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 890,7 миллиард сўм миқдорида 84 минг 900 нафарга яқин талаба хотин-қизга фоизсиз таълим кредитлари молиялаштирилди.  

Фракция аъзолари маданий мерос объектларининг сақланиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилганидек, бугунги кунда 2022 йилда реставрация ишлари бошланган 55 та маданий мерос объектларида реставрация-тиклаш ишлари давом этмоқда. 5 та мажмуада, жумладан, “АРК” қўрғони, “Мир Араб” мадрасаси, “С.Айний” театр биноси, “Карвонсаройлар” мажмуаси, “Баҳоуддин Нақшбанд” меъморий мажмуаларида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун 5,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.  

Қизғин муҳокамалардан сўнг депутатлар бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда белгиланган режаларни йил якунига қадар тўла бажариш лозимлигини қайд этиб, 9 ойлик ҳисоботни маъқуллади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА