English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумтаълим муассасалари ўқитувчилари ва ходимлари учун белгиланган қўшимча устамалар қай тарзда тўлаб берилади?
14:53 / 2023-04-26

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова умумтаълим муассасалари ўқитувчилари ва ходимлари учун белгиланган қўшимча устамалар ва уларни тўлаш тартиби хусусида батафсил маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва директорларга базавий тариф ставкаларига нисбатан олтин медаль учун 200 фоиз, кумуш медаль учун 175 фоиз, бронза медаль учун 150 фоиз миқдорида устама тўлаш белгиланган.  

Ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолибларига лавозим маошига нисбатан 150 фоиз ҳамда ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларига  лавозим маошига нисбатан 100 фоиз миқдорида устама пуллари тўланади.  

Халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга тариф ставкаларига нисбатан 50 фоиз ва халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга тариф ставкаларига нисбатан 50 фоиз устама пуллари тўлаш тартиби мавжуд.  

Шунингдек, белгиланган тартибга кўра, устамалар касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган тест ва суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5,5 баравари, физика, информатика, математика, кимё ва биология фанлари бўйича миллий сертификатлаш синовидан максимал балл олган педагогларнинг иш ҳақи тўловларига 50 фоиз, чет тили фанлари бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар иш ҳақига 50 фоиз  миқдорида қўшимча тарзда тўлаб берилади.  

Мутахассиснинг сўзларига кўра, жорий йилдан бошлаб Вазир жамғармаси маблағлари ҳисобидан тегишли танлов жараёнларидан ўтган ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида устама белгиланган. Бундан ташқари инклюзив ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ҳам алоҳида устамалар белгиланган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА