Ҳадемай Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили ҳам якунига етади. Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, янги инновацион ишланмаларни татбиқ этишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ҳамда рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасида таълим-тарбия тизими такомиллашмоқда.
Вилоятда мактабгача ва мактаб таълими тизимида 955 та мактаб, 19 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари, 20 та Баркамол авлод марказлари, 900 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Шаҳар ва туманлардан мактаблар танлаб олиниб, ўқувчиларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўргатилмоқда. Танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этилди ва жиҳозлар, зарур ашёлар билан таъминланди.
–Таълим соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва бу борада “Фарғона тажрибаси” ни яратиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзоджон Долимов. – Ўтган йилда вилоят делегацияси Японияда бўлди ва бугунги кунда вилоятда халқаро тажрибани кенг йўлга қўйиш, япон таълим тажрибасини оммалаштиришга киришилди. Бу мақсадда Япониядан таълим бўйича маслаҳатчи Гото Микако ва профессор Коичи Коганеза жалб этилди. Жорий ўқув йилидан ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этиляпти. Шу билан биргаликда Россиядан 4 нафар мутахассис “ZO‘R KLASS” лойиҳаси бўйича 2 нафар франциялик ўқитувчи таклиф этилиб, янги ташаббусларга қўл урилмоқда.

“Фарғона тажрибаси”ни йўлга қўйиш учун шаҳар ва туманлардан 19 та мактаблар танлаб олиниб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Жорий йилда таълим даражаси юқори бўлмаган 26 та мактабга таълим сифати юқори бўлган намунали мактаблардан ҳамда бошқа туман -шаҳарлардаги мактаблардан олий ва биринчи тоифали юқори педагогик салоҳиятга эга бўлган педагоглар жалб қилинди. Айни кунларда таълим сифати ва мазмунини ошириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.
Барчамизга маълумки, таълим-тарбия ишлари фақатгина мактабнинг вазифаси эмас. Шу боис жамоатчилик мазкур ишга масъул бўлиши лозим. Вилоятда 19 та мактабларда “ҳокимлик – оила –маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида ҳамкорлик шартномаси ишлаб чиқилди. Унда ҳар бир ташкилотларнинг масъулияти белгиланди. Шунингдек, мактабларда янги ўқув йилидан бошлаб, кунлик машғулотлар одоб дарслари билан бошланиши йўлга қўйилди.
Вилоят ҳокими томонидан жорий ўқув йили “Фарғонада таълим фахрийларини эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. 783 нафар фахрий устозлар дарс таҳлиллари ва ёш педагогларга услубий-амалий ёрдам бериш учун жалб этилди. Айни кунларда улар томонидан таълим сифати ва самарадорлиги ҳам ўрганиляпти, таълим-тарбия тизимига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
“Фарғона тажрибаси” асосида узоқ йиллар тизимида самарали меҳнат қилган ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилди. Таҳлил натижаларига кўра, сурункали касаллик ташхиси қўйилган 396 нафар муаллимлар аниқланди. Улар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда сиҳатгоҳлар ва даволаниш муассасаларига даволанишга юборилди.
М.Сулаймонов, ЎзА