Республика Маънавият ва маърифат марказида Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Умуммиллий бирдамлик фестивалини ҳудудларда юқори савияда ташкил этиш мақсадида бир гуруҳ олимлар, зиёлилар, шоирлар, санъат ва маданият аҳли, шунингдек "Zoom" платформаси орқали ҳудудлардаги маънавият ва маърифат соҳаси масъуллари ҳамда "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида мулоқот ўтказилди.
Учрашувни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов олиб борди.

Мазкур фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб ташкил этилмоқда.

Фестивалдан кўзланган асосий мақсад Мустақиллик байрами шукуҳини мамлакатимиз бўйлаб ёйиш, айниқса чекка туманлардаги маҳалла ва овуллар, ҳар бир хонадон, ҳар бир юртдошимизнинг қалбига олиб киришдан иборат. Шу маънода маданият ва истироҳат боғлари, ҳарбий қисмлар, спорт майдонлари, маҳалла гузарларида ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади. Тадбирлар орқали юртдошларимиз орасида миллий руҳият, бирдамлик ва халқчиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида Ватанга муҳаббат, садоқат, шукрона, тинчликсеварлик, дўстлик, бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш, аҳолида ижтимоий фаоллик, маънавий барқарорлик, профессионал ва шахсий ривожланишга бўлган интилишни кучайтириш мақсад қилинган.

Умуммиллий бирдамлик фестивали доирасида “Инсон қадри”, “Умуммиллий бирдамлик”, “Дилдаги гаплар”, “Маслаҳат оши”, “Бахтли болалик шарафига”, “Шижоат”, “Фаровон ҳаётга илк қадам” каби ижтимоий лойиҳалар, “Китоб марафони” акцияси, “Қасамёд” номли янги спектакль намойиши, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида гала-концерт дастурлари ўтказилади.
Эътиборли жиҳати, мазкур лойиҳалар доирасида аҳолининг барча қатламлари — ёшлар, зиёлилар, тадбиркорлар, ижодкорлар, ҳарбийлар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари вакиллари, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ва турли миллат вакиллари қамраб олинади.

Мазкур эзгу акция миллий ўзликни англаш, мустақиллигимиз, эркин ва озодлигимизнинг, мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнларининг қадр-қимматини юртдошларимиз, айниқса, ёшларга таъсирчан, содда ва самимий, ҳаётий мисоллар воситасида тушунтиришда, ислоҳотлар аҳамиятини етказишда улкан аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири