Россия-Украина
АҚШ Президенти Жо Байден Украина атрофидаги вазиятга баҳо бериб, “бу Вашингтон ва бутун дунё учун синов асри бўлди”, деб таъкидлади.
“АҚШ ўзининг асосий тамойилларига содиқ қолади. Мамлакат сиёсий кучлари Россиянинг амалиётларига қарши туриш ишида бирликни сақлаш ва Украинани қўллаб-қувватлашда давом этадилар”, деб қўшимча қилди давлат раҳбари.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан телефон орқали Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами ва иқтисодий соҳада ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Департамент матбуот котиби Нед Прайс маълум қилди.
Пентагоннинг маълумотига кўра, салкам бир йил давомида Вашингтон Киевга 29,3 миллиард долларлик ҳарбий кўмак берган.
АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп Украина зиддиятини бир кунда ҳал этиш мумкин, деб баёнот берди.
“Менинг президентлик давримда Россия билан уруш бўлмаган. Мен Россия-Украина можаросини 24 соатда тўхтатишим мумкин”, деб ёзиб чиқди ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида.
ЕИнинг ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррелнинг баёнотига кўра, Украинани тиклаш ва унинг ҳудудини миналардан тозалаш учун ўн йиллар керак бўлади.
Украина президенти маъмуриятининг собиқ раҳбари Алексей Арестович мамлакатда жанговор ҳаракатлар тўхтагач, “иккита Корея” сценарий ишлаб чиқилиши эҳтимолини истисно этмади. Унинг фикрича, Киевнинг ғалабаси учун “НАТО қуролидан фойдаланишни биладиган 400 минг юқори даражада тайёргарликдан ўтган аскар лозим, бунинг иложи йўқ, афсуски. Акси тақдирда Ғарб “кафолатли жанубий Корея”ни яратишга мажбур бўлади.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ЕИ раҳбарияти бошқа мамлакатлар етакчиларини Россияга қарши санкцияларни қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда ҳукуматнинг матбуот котиби Берталан Хаваши маълум қилди.
Вильнюс томонидан Киевга берилган зенит ускуналаридан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича украиналик ҳарбийларни ўқитиш курслари тугади, деб хабар берди Болтиқ Республикасининг армия қўмондонлиги.
Литва Мудофаа вазирлиги Украинага жами 125 миллион евролик 40 зенит ускунаси ва собиқ советларнинг иккита вертолётини бериши тўғрисида айтган эди.
Украина 30дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорликда БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишига бағишланган тадбир ўтказиш ташаббуси билан чиқди, деб хабар берди Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица.
2023 йилнинг январь ойи маълумотига кўра, Украина қочоқларининг 203 мингдан зиёд фарзандлари Германияда таълим олишмоқда. Бу ҳақда Германия таълим вазири Беттина Штарк-Ватцингер хабар берди.
Парламент депути Ярослав Железнякнинг айтишича, Олий Рада Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини яна 90 кунга узайтириш қонунини қабул қилди.
“19 февралдан умумсафарбарлик муддати 90 кунга узайди, шунингдек, 2022 йилнинг 24 февраль куни Украинада эълон қилинган ҳарбий ҳолатнинг навбатдаги муддати яна узайтирилди”, деб ёзди депутат ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Аброр ХОН, ЎзА