Умумий қуввати 1 860 мегаваттли «Қамбарота-1» ГЭСи қурилиши бўйича "йўл харитаси" имзоланди
Бугун, 6 январь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғиз энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков томонидан «Қамбарота-1» ГЭСи қурилиши лойиҳаси бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Унда томонлар лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартлари ва зарур чора-тадбирларни белгилаб олди.
Мазкур ГЭС нафақат Қирғиз Республикаси, балки Марказий Осиё мамлакатларининг электр ва сув таъминотида муҳим ўрин тутади.
Лойиҳа доирасида 5,4 млрд. метр кубга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 млрд. кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида икки мамлакат президентлари томонидан «Қамбарота-1» ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.
ЎзА