Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумий қиймати 369,4 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилади
20:50 / 2022-02-22

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ушбу қарор ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳужжатга асосан хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида жорий йилнинг ўзида 172,7 миллион доллар ўзлаштириш кўзда тутилган.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Матбуот котиби Жамшид ШЕРМЕТОВ бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Уюшма юқорида зикр этилган қарор асосида тизимли ишларни амалга оширмоқда, – деди Ж.Шерметов. – Бу борада эришилаётган натижалар матбуот анжумани ва брифингларда маълум қилиб борилмоқда. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида уюшмаси томонидан 2022 йилда умумий қиймати 369,4 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш ва 1 035 та янги иш ўрнини ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур йирик инвестиция лойиҳалар асосан Тошкент, Сирдарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади.

Мисол учун, "Қизилқумцемент" АЖда 126 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 1,8 миллион тонна клинкер ишлаб чиқариш ташкил этилади. Натижада корхона қўшимча қувватга эга бўлади.

Тошкент шаҳрида эса "Ориент Керамик" МЧЖ томонидан йилига 9 миллион квадрат метр керамик плиткалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 42 миллион долларни ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида умумий қиймати 50 миллион долларлик инвестиция ҳисобига "Қорақалпоқцемент" МЧЖ ҚКда цемент ишлаб чиқаришни 1,1 миллион тоннага кенгайтириш ишлари амалга оширилади. Натижада 150 та янги иш ўрни яратилади.

Навоий вилояти Кармана туманида "Gazgan Marble Group" МЧЖ томонидан йилига 300 минг кв.м мармар жинсларидан композит материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, Тошкент вилоятида "AKFA BUILDING MATERIALS" МЧЖ ХК томонидан йилига 450 минг куб метр газобетон блокларини ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 11,6 миллион долларлик экспорт имкониятлари кенгаяди ва 86,3 миллион долларлик импорт қисқартирилади.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2022 йил истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳам шакллантирилган. Унга кўра, Фарғона, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 300 минг м3 бўлган газобетон блокларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси режалаштирилган. Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида гипс ва гипсокартон листлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Жиззах вилояти табиий ресурсларидан келиб чиқиб, архитектура ва автомобиль ойнасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби жами 11 та лойиҳалар амалга оширилиш белгиланган. Ҳозирда юқоридаги улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторлар ва лойиҳани молиялаштириш манбалари аниқланмоқда.

Мухтасар айтганда, мазкур лойиҳалар туфайли янги турдаги импорт ўрнини босувчи цемент, қувур ва геосеткалар, бурама михлар, мармар, травертин ва гранит плиталари, темир-бетон, керамик плиткалар, гипсокартон листлари, газобетон ва пенобетон блоклари каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.