Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумий ўрта таълим ташкилотлари педагоглари учун методик марафонлар ўтказилмоқда 
15:44 / 2024-03-04

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан жорий ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти билан ҳамкорликда каскад усулида семинар-тренинглар ташкил қилиш орқали республикадаги барча бошланғич синф ўқитувчиларининг малакаси оширилди.

АОКАда ўтказилган брифингда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бўлим бошлиғи Шавкат Хўжақуловнинг маълум қилишича, жорий йилнинг январь ойидан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари педагоглари учун методик марафонлар ўтказиш йўлга қўйилди. 

4-10 январь кунлари ўтказилган дастлабки марафонда ҳудудлардан жами 15 минг нафарга яқин педагог иштирок этди. Марафон давомида математика, табиий-илмий, ўқиш саводхонлиги каби йўналишлар бўйича 30 дан ортиқ вебинар ўтказилди. Методик марафонга ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда Педагогларни янги методикаларга ўргатиш ҳудудий миллий марказлари ҳам қўшилиб, ўз ҳудудларидаги педагоглар учун вебинарлар ташкил этди. Бу каби марафонлар жорий йил 26 январь куни қорақалпоғистонлик ўқитувчилар учун қорақалпоқ тилида ҳам ташкил этилди. 

Навбатдаги методик марафонлар баҳорги таътил вақтларида ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, дарс жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда ўқитувчиларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази билан бирга Педагогик маҳорат ва таълим технологиялари бўйича ўқув-услубий қўлланма тайёрланди. 

Шунингдек, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ва АҚШнинг Колорадо Боулдер университети корпоратив бошқарув кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандумига асосан Phet Interactive Simulation платформасидан фойдаланиш бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда. 

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ва Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамкорлигида PISA–2022 тадқиқотида фойдаланилган ва очиқ эълон қилинган топшириқларни бажариш бўйича видеодарслар эълон қилиб борилмоқда. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА