Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумий ўрта таълим сифатини ошириш кейинги босқичларга пойдевор бўлади
10:45 / 2023-05-29

-

Мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшадиган малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бевосита таълим тизимининг ривожига боғлиқ. Бу борада мустақил фикрлайдиган, ижодкор, тадбиркор, ташаббускор шахсни вояга етказиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу вазифалар Президентимизнинг қатор фармон ва қарорларида ўз аксини топган. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида замонавий билим ва янгича ёндашувларга эҳтиёж мавжуд. Шу боис, таълим сифатини оширишда ўқув жараёнини давр талабларига мос ҳолда ташкил этиш, давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, янги авлод ўқув адабиётларини яратиш, замонавий инновацион педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш эртанги истиқболдаги ютуқларимиз кафолатидир.   

Бугунги кунда республикамизда таълим тизимини модернизация қилиш, ўқитишнинг инновацион технологияларини жорий этиш, мустақиллик, ижодкорлик, ташаббускорлик, тадбиркорлик каби касбий сифатларга эга ёшларни тайёрлаш ҳамда педагогларни рағбатлантириш мақсадида қатор  ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, таҳлил ва ўрганиш натижалари ҳозиргача таълим тизимимизда сақланиб келаётган муаммолар борлигини кўрсатмоқда.   

Мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида яна бир ўқув йили якунига етиб, ёзги таътил бошланди. Бироқ, умумтаълим мактабларидаги мавжуд муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Янаги ўқув йилига мактабларни ҳар жиҳатдан тайёрлаш, ўқувчиларга қулай шароит яратиш борасидаги ишлар мунтазам давом эттирилиши лозим.   

Шу ўринда умумий ўрта таълим мактабларида кенг тарқалган баъзи муаммолар ҳақида тўхталиб ўтсак. Ресурсларнинг етарли эмаслиги, ўқувчиларнинг четга чиқиб кетиши, тест натижаларининг пастлиги, тарбия масалалари эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардир. Жумладан, муҳим муаммолардан бири ресурслар этарли эмаслигидир. Кўпгина мактабларда эскирган дарсликлар, малакали ўқитувчилар етишмовчилиги, техника ва бошқа ресурсларга етарли маблағ йўналтирилмаслиги каби муаммолар борки, бу таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши табиий.   

Бундан ташқари, таълим муассасаларида малакали педагогларнинг етишмаслиги, уларни тайёрлашда амалиётга жорий этилган ўқув режа ва дастурларининг яратилишида соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ инобатга олинмаслиги ҳамда улар мазмунан эскирганлиги, педагоглар томонидан таълим олувчиларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилган ўқув машғулотлари ташкил этилмаганлиги каби масалалар бор.   

Ўрта таълим ўқувчиларни кейинги таълимга ёки ишчи кучига тайёрлаш учун жуда муҳимдир. Шу боис умумий ўрта таълим мактаблари дуч келаётган қийинчиликлар ва муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш долзарб аҳамиятга эга. Мактабларни зарур ресурслар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқувчиларни мазмунли жалб этишга эътибор бериш  таълимнинг кейинги босқичларига пойдевор бўлади.  

Носир Ниёзов,  

Қашқадарё вилояти Китоб туман  

89-умумтаълим мактаби  

Олий тоифали тарих фани ўқутувчиси