Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумбашарий аҳамиятга молик сиймолар ҳаёти дунё бўйлаб ўрганилмоқда
18:26 / 2023-02-12

Ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур умумбашарий аҳамиятга молик сиймолар ҳисобланади. Уларнинг ижодий ва илмий мероси нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ҳар томонлама ўрганилмоқда, хотираси эса кенг кўламларда эъзозланмоқда.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасининг ташаббуси билан Ўзбек маданият марказида халқимизнинг буюк намояндалари ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди саналари муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Ленинград области маъмуриятининг маҳаллий ўзини бошқариш, миллатлараро ва конфессионал муносабатлар бўйича маслаҳатчиси, профессор В. Михайленко «Алишер Навоий ижодий мероси ва замон» мавзусида маъруза қилди. Маърузачи буюк ўзбек шоири ва мутафаккирининг асарларида кўтарилган масалалар ҳозирги пайтда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини, Навоий ижодига қизиқиш жаҳон миқёсида, жумладан, Россияда ҳам ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бутун дунёда бўлгани каби россиялик шарқшунос олимлар ҳам Навоий ҳаёти ва ижодини атрофлича ўрганаётгани, унинг ўлмас асарларини тарғиб қилиб келаётганларига алоҳида урғу берди. У, хусусан, ҳазрат Навоийни инсониятнинг мутафаккир муаллимларидан бири деб атади.

Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир ва адиб Исмат Кўчиев «Бобур Мирзонинг ҳаёти ва ижоди» мавзусида маъруза қилди.  

Бобур Мирзо ўз ҳаётининг асосий қисмини ҳарбий юришлар ва жангларда ўтказган. У Мовароуннаҳрнинг тарқоқ вилоятларини бирлаштириш ва буюк темурийлар давлатини янгидан тиклашга уринди. Бобур Мирзонинг улкан давлат яратиш орзуси Ҳиндистонда амалга ошди, у 1526 йилда ўз лашкари билан шу мамлакатга йўл олди. 1529 йилга келиб Бобур Мирзонинг давлати Шарқий Афғонистон, Панжоб ва Бенгалия чегарасигача Ганг воҳасини ўз ичига оларди.  Бобур Мирзо қирқ етти йиллик ҳаёти мобайнида бой адабий ва илмий мерос қолдирди. У жаҳон миқёсида эътироф этилган машҳур «Бобурнома», ажойиб ғазаллар ва рубоийлар, мусулмон қонунчилигига оид «Мубаййин», шеърият қоидаларига бағишланган «Аруз рисоласи», мусиқа ва ҳарбий санъатга бағишланган асарлар, шунингдек «Хатти Бобурий» махсус алифбосини яратган.  

Тадбирда Алишер Навоий ва Мирзо Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильмлардан парчалар намойиш қилинди. Сант-Петербург шаҳрида таълим олаётган талабалар ижросида уларнинг ғазалиётидан намуналар ўқилди.

Тадбир сўнгида шоир ва адиб Исмат Кўчиевнинг янги асари, рус тилида нашр қилинган «Бобур Мирзо асрлар оралаб» достони қатнашчиларга ҳадя қилинди.

ЎзА