Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умрнинг бедор бекати йиллар сарҳисобига элтади
14:18 / 2025-09-11

Паркент туманидаги 29-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида таниқли публицист, ёзувчи ва муҳаррир Дилфуза Шомаликованинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан “Умрнинг бедор бекати” номли адабий кеча ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоира Фарида Афрўз, таниқли шоира Шарифа Салимова, адабиётшунос олим Сувон Мели, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова, шоир Рустам Мусурмон, шоиралар Зулфия Мўминова, Қутлибека Раҳимбоева, Гулжамол Асқарова, ёзувчи Латиф Мансур ва бошқа ижодкорлар, вилоят ва туман фаоллари, ёшлар қатнашди. 

Тадбир доирасида Паркент тумани ахборот кутубхона маркази томонидан ҳудуддан етишиб чиққан адиблар қаламига мансуб китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Дастлаб Тошкент вилояти ва Паркент тумани ҳокимлари табриклари ўқиб эшиттирилди ва Д.Шомаликовага эсдалик совғалари топширилди. Келган меҳмонлар кўп йиллик самарали фаолият давомида юқори натижаларга эришиб, ёшларга ўрнак бўлаётган ижодкорга ўз тилакларини билдирди. 

Таъкидлаш лозимки, Д.Шомаликова айни пайтда “Ғунча” болалар журнали бош муҳаррири бўлиб фаолият юритади. У 1965 йили 25 июлда Паркент туманида туғилган. Матбуот, журналистикага боғлиқ илк меҳнат фаолиятини “Паркент тонги” газетасида бошлаган. Кейинчалик радиода, “Кўзгу” ва “Соғлом авлод” газеталарида оддий мухбирликдан бошлаб, бош муҳаррир лавозимигача бўлган масъулиятли вазифаларда меҳнат қилди. 

Ўзбек болалар адабиёти тараққиётига ўзининг бетакрор асарлари билан ҳисса қўшган адиба кейинги йилларда ҳам қалам тебратиб келмоқда. Соҳадаги тинимсиз меҳнатлари туфайли Дилфуза Шомаликова “Йилнинг энг яхши журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” танловларида ғолибликни қўлга киритди. 2004 йил “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. 

[gallery-25250]

Тадбирда сўзга чиққанлар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тошкент вилояти филармонияси хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди. 

А.Мусаев, А.Алижонов, (сурат), ЎзА