French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умрини Ватан озодлиги, маърифат ва эзгуликка бағишлаганлар унутилмайди
10:55 / 2024-05-31

2024 йил 30 май куни “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимиздаги маънавий-маърифий янгиланиш жараёнларида маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаёти, ибратли фаолияти, уларнинг ҳаётий мақсад-муддаоларини чуқур ўрганиш, илмий меросини тарғиб этиш масаласи Ўзбекистон Ресубликаси Президенти томонидан  фаол ташаббус сифатида илгари сурилди.    

Ватан истиқлоли, унинг эрки ва озодлигини устувор билиш, халқимизни залолат ботқоғига етаклаётган турли иллатларга барҳам бериш, одамларни илмга, зиёга ошно этиш, илғор мамлакатларнинг фақат яхши ва ўрганишга азригулик анъаналарини жамият ҳаётига татбиқ этиш маърифатпарвар боболаримизнинг олий мақсадлари эди.  

Жадидлар –  халқ, жамият ҳаётига янгилик, яхшилик, енгиллик олиб киришни истаганлар, буни умр мазмунига айлантирган маърифатпарвар боболаримиз эдилар. Миллий таълим тизими, санъатимизнинг яқин ўтмишдаги ривожи,  театр, матбуотимиз равнақи уларнинг фаолияти билан узвий боғлиқ.  

Бугун амалга оширилаётган маънавий ислоҳотлар, таълим-тарбия, одамлар онгида яхши маънода ижобий ўзгаришлар ясашда, Ватанимизни янада тараққий эттиришдек масъулиятли жараёнларда уларнинг эзгу ғоялари, ҳаётий шиорлари биз учун жуда муҳим.  

Жадидлар ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, жойлардаги шу йўналишдаги музейлар, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги олий ўқув юртларининг илмий жамоалари, олимлар, тадқиқотчилар шуғулланиб келмоқда.  

Хўш, биз жадидлар ҳақида нималарни биламиз? Рости, бу мавзуда гап кетганда кўпчилигимиз Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон, Фитрат, Авлоний, Қодирий каби беш-олти нафар маърифатпарварларнинг исмларинигина санашдан нарига ўта олмаслигимиз аниқ. Ҳолбуки, Бегали Қосимов, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов, Наим Каримов каби илм йўлида заҳмат чеккан олимлар умрини жадидлар фаолиятини ўрганишга бағишлаганлар. Бундай эзгу мақсад-муддао Шуҳрат Ризаев, Рустам Шамсутдинов, Баҳром Ирзаев, Дилором Алимова, Саидакбар Аъзамхўжаев ва бошқа кўплаб игна билан қудуқ қазишдек машаққатларни чекаётган олимларимизнинг тадқиқотларида устувор ўрин эгаллаб келмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори тараққийпарвар боболаримизнинг ҳаёти, эзгу ишларини чуқур ва атрофлича ўрганишда, тарғиб этишда катта аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат асосида Бухоро шаҳридаги тарихий маскан – Хўжа Гулрез кўчаси 13-уй манзилида жойлашган Ҳовли Поён мажмуасида Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу бежиз эмас, албатта. Олимларнинг фикрича, Бухородек қўҳна заминда жадидчиликнинг вужудга келишида ХХ аср бошларида Россия, Эрон, Туркияда кечган инқилобий ҳаракатлар, амирликдаги маърифатпарварларнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти муҳим аҳамият касб этган.  Зеро, жадидлар мавзуси ҳали кўплаб тадқиқотларни, тинимсиз изланишларни кутмоқда.  

Юқорида номи келтирилган қарорга кўра, жадидчилик ҳаракатига оид мамлакатимиз ва хориждаги турли манбалар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш, ўрганиш, тиклаш, нусхалаш, эълон қилиш, улар асосида музей фондини бойитиб бориш ва экспозицияларни яратиш, шунингдек, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот фаолиятини йўлга қўйиш,  жадидларнинг Ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги ҳиссаси ва фидойиликларини ҳаққоний ёритиш, тарғиб этишга катта эътибор қаратилади.  

Ўзбекистон Республикаси  Фанлар академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Ўзархив” агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан биргаликда янги ташкил этилажак музейни жадидлик ҳаракатига оид музей ашёлари ва коллекциялари билан тўлдириб боришни ташкил этиш, маърифатпарварлар ҳаракатига оид ноёб китоб, қўлёзма, архив ҳужжатлари ва бошқа материалларни аниқлаш бўйича чуқур фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, аниқланган материалларни таъмирлаш ва рақамлаштириш чораларини кўради.  

Шунингдек, Маданий мерос агентлиги “Миллий меросга менинг ҳиссам” умумхалқ акцияси доирасида аҳолидан жадидлик ҳаракатига оид тарихий материаллар, ашёлар, ноёб суратларнинг музей учун харид қилиб борилишини таъминлайди. Ташқи ишлар вазирлиги музейга хорижий давлатлардаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кўмаклашишга эътибор қаратади.  

Буларнинг бари тараққийпарвар боболаримизнинг ҳаёти, эзгу амалларини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишда кенг имкониятлар очиши тайин.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири