Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров бетакрор овоз, кино ва театрда мукаммал ижро, улкан маҳорат соҳиби эди. Шу сабабли у ҳамон халқимиз қалбида, ёдида яшамоқда. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Айтиш керакки, Ҳамза Умаровнинг фаолияти бевосита мазкур театр жамоаси билан боғлиқ.
Санъаткор 1925 йилнинг 17 декабрида Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Унинг театр, кино, дубляж санъати ривожига қўшган ҳиссаси бениҳоя катта эканини халқимиз яхши билади, устоз санъаткорнинг ўлмас ижроларини юксак қадрлайди.

Устоз санъаткорнинг миллий кинематография, театр, телевизион театрда яратган кўплаб роллари бетакрорлиги, табиийлиги, жозибаси билан ажралиб туради. Айни пайтда ҳали-ҳануз миллий санъатимизда Ҳамза Умаровдек ўзига хос жарангдор ва ўктам овоз соҳиби чиқмагани санъаткор истеъдодининг нечоғли улканлигидан дарак беради.
У “Ўткан кунлар”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Улуғбек юлдузи”, “Даҳонинг ёшлиги”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль” каби элликдан ортиқ кинофильмда бир-бирига ўхшамас ролларни ижро этган. Айни пайтда Ҳамза Умаров Муқимий театрида 100 дан ортиқ спектаклда роль ижро этган. Устоз санъаткорнинг ўзи ҳам пьесалар яратиб, уларни саҳналаштиришда жонбозлик кўрсатган.
– Устоз санъаткор бизнинг театрда – Ўзбек Миллий академик драма театрида ҳам бир неча спектаклларда иштирок этганлар, – деди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова. – Уларнинг мукаммал ижроси, саҳнага, томошабинга чексиз ҳурмати ва меҳр-муҳаббати биз учун катта ва ибратли мактаб бўлган.
– Дадам “Ҳақиқий санъаткор умрини, ҳаётини, борлиғини санъатга ростмана бағишлаган инсондир”, деб кўп таъкидлардилар, – деди Ҳамза Умаровнинг ўғли Шуҳрат ака. – Уларнинг ўзлари ҳам шу сўзларга содиқ қолган ижодкор эдилар. Уларнинг бирон бўш дақиқалари бўлганини сира эслолмайман. Доим саҳна асарлари, кино, дубляж, радиоспектакллар билан банд эдилар. Машинани тузата туриб ёки уйда бирон юмуш бажариш пайтида ҳам янги спектакль ёки фильм қаҳрамонларининг сўзларини ёдлаш, такрорлаш билан машғул бўлардилар. Саҳнани юксак деб билардилар, томошабинни, санъатни эса ундан ҳам юксак, деб билиб, чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлардилар.
Хотира кечасида Ҳамза Умаров яратган фильмлардан лавҳалар намойиш этилди. Санъат дарғаси ижро этган ария ва дуэтлардан намуналар янгради. Ижодкор зиёлилар Ҳамза Умаров ҳақидаги ёрқин хотираларни ёдга олдилар.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири