Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умрини адабиётга, илмга бахшида этган заҳматкаш олим
10:11 / 2024-05-30

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «Қуёш» маҳалла фуқаролар йиғини кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси билан ҳамкорликда академик, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, давлат мукофотининг совриндори, кўплаб олимлар қалбида ўчмас из қолдирган маърифатпарвар ижодкор Наим Каримов хотирасига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.

Адабий тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, филология фанлари докторлари Баҳодир Каримов, Ҳамидулла Болтабоев, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, атоқли шоира, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова сўзга чиқиб, устоз Наим Каримов зиёлиларнинг пешқадами, ҳар жиҳатдан ибрат олишга арзигулик инсон, заҳматкаш ва фидойи олим, ўз юрти, илм-фан, миллий адабиётимиз йўлида бутун умрини бахшида этган ижодкор бўлганини таъкидладилар.    

Тадбирда қайд этилганидек, Наим Каримов ХХ аср ўзбек адабиётига оид  фаол  илмий тадқиқотлар олиб борган эди.  Устоз ижодкор шу даврдаги ўзбек адабиёти ва унинг йирик вакиллари ижодини миллий ғоя мезонлари асосида ўрганиш ишини биринчилардан бўлиб бошлаб берди. Унинг илмий фаолиятида адабиёт ҳодисаларини тарихий воқеалар, бадиий асарни эса ёзувчи ҳаёти ва маънавий-эстетик олами билан узвий алоқада тадқиқ қилиш устуворлик қилади.  

Айниқса, маърифатпарвар жадидларнинг ҳаёти ва фаолияти, ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ижодига бағишланган кўплаб монография ва тадқиқотлари, маърифий романлари, мингдан ортиқ илмий мақолалари, қатор дарсликлар ва ўқув қўлланмалари адабиётшунослик фанига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.  

Олимнинг мустабид тузум йилларида қатағон этилган фидойи зиёлиларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш борасидаги хизматлари наинки юртимизда, балки хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилган.  

Серқирра олим жаҳон адабиётининг бир қатор сара асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиш баробарида тарихий мавзуларда йигирмага яқин ҳужжатли фильмлар яратишда ҳам фаол иштирок этди. Устоз Наим Каримовнинг бевосита раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва докторлар тайёрланган.  

Айни пайтда адабиётшунос олим Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ҳамзанинг кўп жилдли академик нашрларини тайёрлаш ва нашр этишда иштирок этган. Заҳматкаш олимнинг изланишлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Устоз ижодкор Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1985), «Эл-юрт ҳурмати» ордени (1999) ҳамда “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари билан тақдирланган эди.  

Адабий анжуманда олимнинг умр йўлдоши Муҳаббат ая устоз хотирасига кўрсатилган эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.  

Тадбирда Наим Каримов фаолияти, ижоди, инсоний фазилатлари билан боғлиқ ёрқин хотиралар ёдга олинди.  

 

ЎзА мухбири Н.Усмонова тайёрлади.