English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умринг, ризқинг зиёда бўлсин, “Тўй” болажон
11:18 / 2022-05-12

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Саховат ва меҳр-мурувват тадбирлари янада кенг қулоч ёймоқда.

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Отажон ота” тантаналар марказида туман ҳокимлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимлари ташаббуси билан хайрия тадбири ташкил этилди. Унда тумандаги кам таъминланган ва “Темир дафтар” рўйхатига киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 39 нафар фарзандларига суннат тўйи ўтказилди. 

Тантанада тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Мутасаддилар юртимизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий рўйхатлардаги фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, суннат тўйи бўлаётган болажонларни табриклади. 

[gallery-7061]

– Ҳудудимизда 2 минг 775 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди туманнинг “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Садриддин Шаропов. – 460 хонадонда 775 та оила аҳил-иноқ яшамоқда. Шулардан 5 нафари “Темир дафтар”, 61 нафари “Аёллар дафтари”, 38 нафари “Ёшлар дафтари”да рўйхатда туради. “Ёшлар дафтари”да турувчи ёшларга ер бериб, фаолиятини йўлга қўйганимиздан сўнг дафтардан чиқарилди.

Ҳудудимиздаги Юқори Арабхона кўчасида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила Салоҳиддин Жумақуловнинг фарзанди Ибрат Охунжоновни суннат тўйини туман ҳокими ташаббуси билан ўтказдик. Бу оиланинг ҳолидан доимо хабар олиб турамиз, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турамиз. Даромадини ошириш учун 6 миллион 700 минг сўмга иссиқхона қуриб бердик.

– Қўлимиз калталиги сабаб фарзандимни суннат тўйини ўтказа олмаётган эдим, – дейди Салоҳиддин Жумақулов.– Давлат раҳбарига раҳмат орзуимизнинг ушалишига ёрдам берди. Доимо маҳалламиз кўмак бериб келмоқда. Бундан жуда ҳам хурсандман. 

Маросимда тўй болаларга қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз, болалар ва уларнинг оила аъзоларига олам-олам завқ бағишлади.

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА