Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умрбоқий анъаналар эъзозда
18:34 / 2021-09-07

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форуми ва Халқаро бахшичилик фестивалига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистоннинг маданияти, асрлар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган маданий мероси, қадрият ва урф-одатлари, туризм салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этиш долзарб эканини таъкидлади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур соҳа ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Юртбошимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида 2021 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумини ўтказиш таклифи ҳамда ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш мақсадидаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши тарихий воқеа бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, мазкур халқаро маданият форуми жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилиши белгиланди.

Форум доирасида бир қатор тадбирларнинг ҳам ўтказилиши белгиланган. Хусусан, Хива шаҳрида ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги мажлисини ўтказиш кўзда тутилган. Мазкур тадбирда ҳам бир қанча фахрий меҳмонлар ва иштирокчилар мамлакатимизга ташриф буюради. Фестивалда иштирок этиш учун бугунги кунга қадар ЮНЕСКО ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) каби халқаро ташкилотлардан ижрочилар, конференция иштирокчилари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, Халқаро ташкилотлардан фахрий меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари рўйхатдан ўтказилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V халқаро конгресси, Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Маданий мерос масалалари бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси кенгашининг йиғилиши, Нукус шаҳрида “Археология ва туризм: салоҳиятни белгилаш ва меросни бошқариш” халқаро археология конференцияси ҳамда II Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш белгиланган.

Бу ижодий лойиҳа бахшичилик санъатини республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида мавжуд бўлган ўзига хос ижро услублари асосида ижодий мактабларни «устоз-шогирд» анъаналари асосида қайта тиклаш ва ривожлантириш имконини бериши шубҳасиз.

Иккинчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш жойи этиб Нукус шаҳри белгиланди. Фестивалда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этувчи маҳоратли бахшиларни саралаб олиш мақсадида жорий йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида бахшилар ўртасида республика миқиёсида кўрик-танлов ташкил этилади ва бахшилар саралаб олинади.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур тадбирда илмий-амалий конференциялар, хорижий ва Ўзбекистон санъати усталари ҳамда бахши-шоирлар концертлари ўтказилади. Шунингдек, сайиллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Фестиваль доирасида ўтказилиши режалаштирилган конференцияни эпидемиологик вазиятни инобатга олган онлайн ва оффлайн (гибрид) шаклда ўтказиш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида мазкур ижодий лойиҳа юзасидан батафсил маълумот берилди.

 

Н.Усмонова, ЎзА