Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Умра”да фуқароларимизни сарсон қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
10:21 / 2024-02-07

Ижтимоий тармоқларда Умра сафари (Саудия Арабистони)га борган бир бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқароларнинг юртга қайта олмай сарсон бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Куни кеча бу ҳақда Туризм қўмитаси расмий баёноти эълон қилинди. Унда “Panorama airways” томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли юртдошларимизнинг «Умра» сафаридан қайта олмаётгани сабаблари келтирилган.  

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан туристик фаолиятни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланиши билан бир қаторда зиёратчиларга зарур қулайликлар яратишни таъминлаш ҳам кўзда тутилган.  

Бироқ, қўмита баёнотида ҳозирги пайтда айрим «тадбиркорлар» томонидан Умра тадбирларини амалга оширишда  етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмай, тегишли  лицензия олмасдан, фуқароларимизнинг ишончига кириб, ноқонуний равишда ишлаб келаётганлар учраётгани қайд этилган. Туризм қўмитаси бундай маълумотларни ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этган.  

Шу ўринда, баёнда «Умра» хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчилар ўрнатилган тартибда мурожаат этишлари мумкинлигини ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарар суд қарорига мувофиқ ундириб берилиши маълум қилинган.  

Мазкур баёнотдан кейин Бош прокуратура баёноти эълон қилинди.  

Унга кўра, Транспорт прокуратураси томонидан ватандошларимизни Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авиакомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, жиноят иши доирасида бир нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.

Н.Абдураимова, ЎзА