Сўнгги йилларда юртдошларимизнинг муборак Ҳаж ва Умра сафарларига бориши учун кенг имкониятлар яратиляпти. Натижада минглаб ватандошларимиз ушбу улуғ амалларни адо этиш шарафига муяссар бўлмоқда. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ўтган 2023 йилда 15 минг 150 нафар зиёратчи Ҳаж, 43 мингдан ортиқ зиёратчи эса Умра амалини адо этган.
Бу каби қувонарли натижалар билан бирга Умра зиёратига борган айрим юртдошларимиз баъзи қийинчилик ва муаммоларга дуч келгани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган эди. Хусусий сектор томонидан бундай тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизми яратилмагани боис бир қатор муаммолар юзага келмоқда.

Эндиликда Умра зиёратини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, зиёратчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бундай тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш учун лицензия жорий қилинмоқда.
Ушбу тартибларни ўзида акс эттирган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, хусусий сектор томонидан Умра зиёратини амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши зиёратчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга, турли оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Депутатлар лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
М.Комилова, ЎзА