Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бир оиланинг саховатпешалиги кўпчилик учун ибратли бўлди.
Шу маҳаллада умргузаронлик қилаётган Жамила Ўринова ҳамда Саъдулла Раҳимов Умра зиёрати учун йиғиб юрган қарийб 70 миллион сўм маблағларини қишлоқдошлари манфаатига йўналтириш аҳд қилди.
Бу сармоя эвазига Боғиафзал, Пашмон, Жилвон ҳамда Шароф Рашидов маҳаллаларини ўзаро боғловчи кўприк, шунингдек, Сўфиён қишлоғида жойлашган кўприк тўлиқ таъмирланиб, уларга қўшимча бетон плиталар ётқизилди. Қувонарлиси, бугунга келиб бу кўприклардан ўнлаб хонадон аҳли хавфсиз ва қулай фойдаланмоқда.


Оила соҳиби узоқ йиллар қурилиш соҳасида фаолият юритган, хонадон бекаси эса умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган. Айни кунда 6 нафар фарзанд, 5 нафар қиз ва 1 нафар ўғилни вояга етказиб уйли-жойли қилган, худди шундай, 11 нафар неваранинг қувончи билан умргузаронлик қилаётган бир оиланинг эзгу амали, ҳаётий қарори кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонди.
– Муқаддас сафар оиламизнинг кўп йиллик орзуси эди, аммо, йўл ва кўприклар таъмири ўнлаб юртдошларимизнинг кундалик ташвиши эканлиги билан оиламиз орзу-ҳавасидан устун келди. Қишлоқдошларимизга манфаат келтирганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди оила вакиллари.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.