Рақобат қўмитаси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ости ҳужжатларга риоя қилиниш ҳолати юзасидан мониторинглар ўтказиб келинмоқда.
Ўрганишларда Хоразм вилоятида фаолият юритаётган “URGANCH MAFTUN AVIA TRAVEL” хусусий корхонаси фаолият кўрсатаётган бинонинг ташқи қисмидан ўрин олган реклама конструкциясида Ҳаж ва Умра сафарларига оид рекламалар ҳамда ижтимоий тармоқ орқали ҳам “Умра сафарини "MAFTUN AVIA TRAVEL" билан адо қилинг” мазмунидаги реклама жойлаштирилгани аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ “Умра” зиёрати фақат тегишли лицензияга эга маҳаллий туроператорлар томонидан ташкил қилиниши белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, “URGANCH MAFTUN AVIA TRAVEL” ХК томонидан лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштирилгани ва бу билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг талаблари бузилгани юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА