English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Умра+” йўналишида келишувларга эришилди
11:11 / 2023-06-09

Бухоро вилоятидаги туристик корхоналар Индонезияда “Умра+” йўналишида бир қатор келишувларга эришмоқда. Бу ҳақида Бухоро вилояти Маданият ва туризм бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Президентимиз ташаббуси билан вилоятнинг делегация аъзолари Бухоронинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Индонезия, Малайзия, БАА, Саудия Арабистони, Бангладеш ва Исроил давлатларида хизмат сафари билан бўлиб турибди.  

Индонезиянинг энг йирик ассоциациялардан бири бўлган “SAPUHI”га аъзо “Patuna Travel”, ҳамда “CP Travel” раҳбарияти ҳамда Бухорода фаолият юритадиган туристик ташкилот — “TourEast” вакилларининг B2B учрашуви ташкил этилди.  

“Patuna Travel” ва “CP Travel” туристик ташкилотлари Индонезияда жуда машҳур бўлиб, асосан зиёратчиларни Ҳаж, Умра, Умра+ сафарларига жўнатиш орқали ном қозонган. Ҳар иккала ташкилот ҳам Умра+ дастури доирасида сайёҳларни Туркия, БАА, Фаластин, Иордания давлатлари орқали зиёратларини ташкил этиш билан шуғулланиб келади.  

Учрашувда мазкур йўналиш бўйича зиёратчиларни Ўзбекистонга, хусусан, Бухорода ҳам саёҳатларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. 

Бухоро вилоятида сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилган катта ўзгаришлар ҳамда мусулмон зиёратчилар учун яратилган шароитлар шунингдек, Бухоро ва Самарқанд йўналиши бўйича зиёрат дастурлари хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди.    

Учрашув якунида “Patuna Travel” ва “CP Travel” туристик ташкилоти вакилларининг вилоятга ташриф буюриши ва улар билан ҳамкорликда сайёҳларни Умра+ дастури доирасида Ўзбекистон, Бухорога ҳам саёҳатларини ташкил этишга келишиб олинди.  

 

Зариф Комилов,  

ЎзА