Рақобат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида тарқалган рекламалар қонун талабларига мувофиқлигини текшириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, Умра тадбирини ташкил этишга оид рекламалар аҳоли учун катта ишонч масаласи бўлгани сабабли бу йўналиш алоҳида назоратга олинган.
Ўрганишлар давомида айрим туроператорлар лицензия ҳужжатларига эга бўлмасдан реклама тарқатгани аниқланди. Хусусан, Навоий вилоятида “PANORAMA TRAVEL” ва “SHAFFOF KICHIKSOY” МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, Наманганда “Umra Ihlos Sardor domla”, “YUKSAK AHSAN travel” ва “Express Parvoz Milliy sayyohlik Operatori” телеграм каналлари мансабдор шахслари ҳам қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Умра сафарини бажариш ниятидаги фуқароларнинг ишончи ва хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис, лицензиясиз хизмат кўрсатиш, турдош амаллар орқали аҳолини чалғитиш ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди. Рақобат қўмитаси бундай ҳолатларга нисбатан қонунчиликда белгиланган барча чораларни қўллашда давом этади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА