Умра сафарига чипта олиш учун берилган ўн минг доллар «туя» қилинди
Фуқаро Ж.Р. ва бошқалар «I.T.» ва «Т.А.» масъулияти чекланган жамияти раҳбарларининг ишончига кириб, ушбу жамиятлар томонидан 50 нафар фуқарони «Умра» сафарига юбориш учун «Тошкент-Қувайт-Мадина» йўналиши бўйича авиачипталарни банд қилишга ёрдам беришни ваъда қилган.
Бунинг учун олдиндан тўлов сифатида 10 минг АҚШ доллари олишган. Аммо чипталардан дарак бўлмаган. Шунда жамият масъуллари фирибгарликка учраганини билган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА