Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умра рекламалари назоратга олинди
11:40 / 2026-02-20

Рақобат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилаётган рекламаларнинг “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Айниқса, охирги пайтда фуқаролар орасида катта қизиқиш уйғотаётган “Умра” зиёратини ташкил этишга оид рекламалар алоҳида диққат марказида бўлди.

Маълумки, Умра зиёрати оддий саёҳат эмас, балки ҳар бир мусулмон учун маънавий аҳамиятга эга бўлган муқаддас амалдир. Шу боис, бундай хизматларни таклиф этишда шаффофлик, қонунийлик ва ишонч энг муҳим мезон ҳисобланади. Афсуски, ўрганишлар давомида айрим туроператорлар томонидан лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда реклама жойлаштирилгани аниқланди.

Хусусан, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан “Sharofiddin Travel” ҳамда “Fayz Tour Travel” МЧЖларга нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Натижада, белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, уларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.  

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ҳудудий бошқармалар томонидан Telegram тармоғида фаолият юритаётган 12 та канал орқали берилган рекламалар ҳам таҳлил қилинди. “Marmaristour.uz”, “Umra Ziyorati”, “Muborak safar”, “Saudiyaga sayohat”, “Umra rasmiy” каби каналларда қонунчилик талаблари бузилгани аниқланиб, уларнинг масъул шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ўрганишлар якунлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш ишлари изчил давом эттирилиши маълум қилинди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА