Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари пандемиядан аввал, яъни 2020 йил февраль ойига қадар қилинган умра тўлови миқдорига қўшилган қиймат борасида турли мулоҳазалар билдирмоқда.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Матбуот хизмати вакиллари қўшимча тўлов тафсилоти хусусида қуйидаги фикрни баён қилди.
Коронавирус пандемияси умра хизмати кўрсатиш тартибига ҳам таъсир кўрсатди. Аввал қайд этилганидек, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди.
Ҳар бир фуқаронинг сафарга чиққандан то Ватанига қайтиб келгунига қадар эпидемиологик меъёрга жавоб берадиган ташкилий ва тиббий хизмат мажмуаси йўлга қўйилди. Масалан, озиқ-овқат маҳсулоти махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокор, махсус дори-дармон ажратилади.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нархи икки йил аввалги ҳолатга нисбатан кўтарилган. Қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи жорий этилди.
Бундан ташқари табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини фақат тоат-ибодатга сарфлаши учун Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин - беш юлдузли Масжиди Набавийга яқин “Пулман зам-зам” ва Байтуллоҳ атрофидаги “Жабал Умар” ҳудудида жойлашган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Қиёс учун: Авваллари зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км масофадаги меҳмонхонада истиқомат қилишган.
Бу қулайликлар зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифда адо этиш, дуо, илтижо билан банд бўлиш имконини беради. Йўл, тановул ва бошқа зарурат учун кетадиган вақтни камайтиради. Шунингдек, меҳмонхонада тиббиёт ходими ва ишчи гуруҳ хизмат кўрсатади.
Ўзбекистон Саудияда умра сафарини ташкил қилиш бўйича бир неча ширкат имкониятини ўрганганини аввал ҳам хабар қилган эдик. Бунда Ҳаж ва умра вазирлиги талабига асосан, умрани ташкил этиш бўйича лицензияга эга ширкатларни танлашга эътибор қаратилди. Шу кунларда ижтимоий тармоқда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмаслигини билдириш билан кифояланамиз.
Кўп йиллик ҳамкор ширкат ҳам пандемиядан кейин лицензия ололмагани учун бошқа, имконияти кенгроқ “Абу Сарҳад” ширкати билан шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Қўшимча тўлов бўйича яна бир изоҳ. Ҳар бир Ҳаж ёки умра мавсуми тўлови учун алоҳида ҳисоб рақами очилади ва сарф-харажат амалга оширилади. Банкдаги махсус ҳисоб рақамида сақланадиган ушбу маблағдан муборак сафарга тегишли йўналишдан бошқа мақсадда фойдаланиш имкони йўқ. 2020 йил февраль ойига қадар умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқаролар мурожаатига асосан тўлов қайтарилади. Қолган фуқаролар маблағи ихтиёрига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда.
Мўмин-мусулмонларни умра ибодатига бошчилик қилишда кўп йиллик тажрибага эга диний мутахассислар билан таъминлайдиган ва бу борада ваколатли, расмий ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали муборак сафарни хавфсиз адо этишга чақирамиз.
Идора мунтазам равишда халқимиз талаб-истагини инобатга олган ҳолда умра сафари нархини мақбуллаштиришни давом эттиради. Бу борада янгилик бўлса, расмий матбуотда эълон қилинади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда ахборот тарқатувчилардан тўлиқ ўрганилмаган ахборот тарқатиш шаръий жиҳатдан тўғри эмаслиги ва қонуний жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини ҳисобга олиб, бирор хабарни эълон қилишда аввал идора масъуллари фикрини олиб, маълумотни аниқлаб, сўнгра халққа етказиш лозимлиги эслатиб ўтилади.
ЎзА