Ҳусан Эшмурод… бу исму шариф бизга бир латиф, бир шариф шоирни, оташқалб инсонни эслатади. У бугун орамизда жисман йўқ бўлса-да, унинг ёди фарзандлари, шогирдлари, мухлислари, эли билан ҳамон бирга.
Баъзан инсон умрини чақинга менгзашади. Aллоҳ инъом этган қисқа умрни чақмоқ каби чақнаб яшаб ўтадилар. Aслида ҳам шундайми? Менимча бир сониялик чақиндан сўнг ундан на из, на бирон белги – нишон қолади. Умри поёнига етиб, бу ёруғ дунёни тарк этиб кетган кўпгина одамларнинг ортидан эса эл-улус корига ярайдиган фарзандлар, садоқатли шогирдлар ва эзгу амаллари қолади. Қўнғирот элининг меҳридарё шоири Ҳусан Эшмурод ҳам тириклигида ўзига мангуликка ҳайкал қўйган инсонлардан бири эди. Унинг одамохунлиги, олийжаноб фазилатлари, хайрли ишлари ҳақидаги хотиралар унутилган эмас, унутилмайди ҳам. Чунки унинг жўшқин ва дилтортар, самимий туйғуларга йўғрилган шеърлари неча-неча авлодларнинг юрагида акс-садо бериб, маёқ сингари уларни келажакка ундаб туради.
Донишмандлардан бири “Инсон умри унинг қанча яшаганлиги билан эмас, балки қилган савобли ишлари билан ўлчанади”, деган эди. Бу ҳикмат худди Ҳусан Эшмуродга ўхшаб ёниб яшаган, савобли амаллари билан эл кўнглидан жой олган инсонларга берилган баҳодек туюлади.
1973 йилда Тошкент Давлат хорижий тиллар институтининг француз филологияси факультетини тугатган ёш мутахассис дастлаб ўзи туғилиб ўсган Деҳқонобод туманининг Оқиртма қишлоғидаги Э.Ниёзов номли мактабда ўқитувчилик қила бошлади. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, мактаб директори ўринбосари, кейинчалик Мардон Ибрагимов номли хўжаликда раис муовини бўлиб фаолият юритди. 1994 йилда “Деҳқонобод овози” газетасига муҳаррир этиб тайинланди ҳамда шу йили халқ депутатлари туман кенгашига депутат бўлиб сайланди. Ижодий жамоа раҳбари ва депутат сифатида элдошлари ишончини қозониш учун куч-ғайрати ва билимини аямади. Жўшқин ижоди ва меҳнати билан кўпчиликнинг меҳрини қозонди. Лекин ҳаёт йўллари ҳамиша ҳам бир текис эмас. Одамзод умр йўлларида қанчалик кўп қоқилса, ҳаётнинг паст-баландини шунчалик ўрганади. Шоирнинг бошига ғамнинг булутлари соя ташлаганида у эзилиб, букилиб, синмади. Балки қийинчиликларни мардонавор енгди. Шундай кезларда кўнгилнинг ноласи шеър бўлиб оққа кўчди. Қалбидаги армон вулқон оташи янглиғ отилиб чиқди. Ижод пиллапояси давомида унинг “Қўнғиротнинг қўшиғи” шеърий тўплами ва “Олтин бешигим” номли тарихий-этнографик қиссаси дунёга келди. “Кўзгунинг қадри”, “Ёдинг билан яшайман, Ойгул” каби драмалари саҳналаштирилди. Вафотидан сўнг унинг ҳаёти ва ижоди хусусидаги фикрлар, хотиралар “Эрта сўнган юлдузлар”, “Қашқадарё бадиияти”, “Садоқатнинг суврати” китобларида босилиб чиқди. Унинг қаламидан тўкилган сатрлар она юртга, ўз элига муҳаббати изҳори бўлиб янгради:
Қўнғиротим – туғма ботирим,
Ҳар йигити мингга татирим.
Ўн минг уйли, юз минглаб қўйли –
Гудрайбийдан қолган хотирим.
Бахшиёна оҳанглардан илҳомланиб ёзилган шоирнинг шеърларида элнинг ўзига хос урф-одатлари ва яшаш тарзи меҳр билан талқин этилади. Aйниқса унинг “Қўнғиротнинг ўтови”, “Aлпомиш бобога”, “Муқаддас”, “Қўнғир отни тусадим”, “Момо шукронаси” каби шеърлари маълум маънода халқ ўтмиши, Ватаннинг шонли тарихи, миллатнинг қадимий ҳаётидан ҳикоялар сўзлайди.
Умр ҳам япроқдай омонат экан,
Тўкилган тупроқдай иморат экан.
Диёнат экану унинг тенг ярми,
Тенг ярми адоват, хиёнат экан.
От ўрнини той босар, деганларидек шоирнинг ўғли Aрслон Эшмуродов ҳам отаси изидан бориб, журналистика соҳасини танлади. Aйни дамда “Одиллик мезони” илмий-амалий, ҳуқуқий журналининг бош муҳаррири сифатида элнинг қувончига шерик, ташвишига елка тутиб келмоқда. Отаси ҳақидаги гурунгларда у киши “Aгар умрни муносиб қаршилаш хусусида гап борадиган бўлса, ҳеч иккиланмай отамнинг ўтган умрини мисол қилиб келтирар эдим”, дея меҳрини, фахрини изҳор этади.
Ҳа, инсон хотирасиз яшай олмайди, чунки хотира инсонни тарбиялаб туради. Илло, марҳумларнинг илинжи тирикларнинг оқибатидир. Ёдимиз ойнасидан балқиб турган азизларимизнинг хотираси биз тирикларга ҳамиша ҳамроҳ. Ҳусан Эшмуроддек шоир ҳам кечагина биз билан ҳамфикр ва ҳамнафас эди. Бугун эса… ўрни бўш қолди унинг. Одамлар орасидан кетгач, эл руҳиятидаги ўрни билинди-қолди. Тақдирдан, қисматдан ҳеч ким қочиб қутулган эмас. Тириклигида ўзига ҳайкал тиклаган одамлар мангу барҳаётдирлар.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/jOv2xjrnfGQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ўткир АЛИМОВ
ЎзА