Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан Сирдарё вилояти телерадиоканали Давлат муассасасида таниқли журналист ва адиб Турғун Норқуловнинг “Умр бекатлари” номли янги китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Маросимни Сирдарё вилояти телерадиоканали Давлат муассасаси директори Зафар Дархонов очиб, адибнинг узоқ йиллик ижод йўли, журналистикага садоқати ва адабиётга бўлган муҳаббати ҳақида тўхталар экан, “Умр бекатлари” китобини муаллиф тақдири, ҳаётий тажрибаси ва ижодий изланишларининг ёрқин ифодаси сифатида баҳолади.

Китоб тақдимоти давомида “Университет овози” газетаси муҳаррири Мунаввар Пардаев асарнинг мазмун-моҳиятига чуқур тўхталиб, унда инсон умри, касбга ва қадриятларга садоқат, ҳаёт сабоқлари публицистик руҳда, самимий сўзлар орқали ифодаланганини таъкидлади.

Тадбир адабий мулоҳазалар, хотиралар ва эзгу тилаклар билан бойиди. Сирдарёлик ижодкорлар, адибнинг шогирдлари ва яқинлари китоб ҳақида сўз юритар экан, “Умр бекатлари” ҳар бир ўқувчини ўз ҳаёти ва босиб ўтган йўли ҳақида чуқур ўйга соладиган асар эканини алоҳида қайд этдилар.
Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, таниқли қалам соҳиблари Олимжон Душаев ва Ҳайдарали Маматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Норинисо Қосимова, тажрибали журналистлар Баҳром Боймуродов, Аҳмадали Шерназаров, шоир Тоҳир Самиев ва бошқалар адиб ижодини юксак баҳоладилар.

Тадбирга алоҳида самимият бағишлаган лаҳзалардан бири Сирдарё телевидениеси журналистларининг Турғун Норқулов шеърларини ифодали ўқиб бериши бўлди.
Маросим якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев қалам аҳли номидан муаллифга ўзбекона ҳурмат рамзи сифатида тўн ёпиб, эсдалик совғаларини топширди. Бу эътибор ижодкорга, унинг қалами ва меҳнатига бўлган юксак эътироф сифатида қабул қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА