Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умидларни сўндирган “Умид автолизинг” кирдикорлари...
14:41 / 2019-09-07

Бугун баъзи бир “тадбиркор”лар ёлғончиликни ўзларига касб қилиб олган. Уларни деб қанчадан-қанча инсонлар сарсон-саргардон.


Бугун баъзи бир “тадбиркор”лар ёлғончиликни ўзларига касб қилиб олган. Уларни деб қанчадан-қанча инсонлар сарсон-саргардон. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига автолизинглардан азият чекаётган юртдошларимиз мурожаатлари шу кунларда кескин ошиб кетди. Айниқса, “Умид автолизинг”МЧЖдан “куйиб“ қолаётганлар фиғони кўкни тутмоқда.

Андижон вилоятида яшовчи М.Темиров Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилар экан, Фарғона шаҳридаги “Умид савдо файз инвест” масъулияти чекланган жамияти билан 2018 йилда шартнома тузиб, DAMAS 3 DLX автомашинасини буюртма қилганини бироқ буюртмаси унга етиб келмаганлигини маълум қилган.

Шартномага биноан МЧЖ ҳисоб рақамига 31 250 000 сўм бошланғич тўлов амалга оширилган. Машинани оладиган фурсат келиб, ўтиб кетса ҳамки, автоуловдан дарак бўлмаган.

Федерация томонидан тушунтиришлар олиб борилгандан сўнг 40 кун ичида автомашина учун тўланган пул қайтариб берилишини зиммаларига олган “Умид савдо файз инвест” МЧЖ ўз ваъдасида турмади.

Федерация мутасаддилари ҳам бу ишни охирига етказмай қўйишмади. Ваъда бериб бажармайдиганлар автомобиль учун тўланган бошланғич пул маблағини эгасига қайтариб беришга мажбур бўлди.

ҚОНУНЛАР КУЧГА КИРСА...

Олот тумани “Денов” МФЙ истиқомат қилувчи Ўткир Азимов яхши ният билан Бухоро шаҳридаги “Умид автолизинг” МЧЖга “Nexia-3” евро 2-позиция автомашинаси учун шартнома асосида пул тўлайди.

Нақд 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўмни ҳеч қандай эътирозларсиз, ўз вақтида топширади ва автоулов келишини кутади. Буни қарангки, на автомобилдан дарак бор, на шартномадаги ваъда берилган шартлардан. Натижада истеъмолчи Ўткир Азимов фуқаролик ҳуқуқлари поймол этилганини тушуниб етади ҳамда шартномани бекор қилади.

Бироқ “Умид автолизинг” ташкилоти 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўм пулни қайтаришни пайсалга солиб келади.

Сабр косаси тўлган харидор тўлаган барча пулини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ишонч телефони 1091 га мурожаат қилади. Федерация мутахассислари вазиятни ўрганиб чиқишди.

Ҳар икки томон билан яқиндан мулоқотда бўлиб, уларга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонун ҳақида тушунтириш берилди.

Натижада Ўткир Азимов томонидан тўланган 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўм пул маблағи тўлиқ қайтарилди.

“Умид автолизинг” МЧЖ эса камчиликларни бартараф этиш бўйича қонун доирасида далолатнома тузилди.

Бухоролик Шоҳиддин Аҳмедов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерациясига ариза ёзиб, ўзини анчадан буён қийнаётган муаммо юзасидан мурожаат қилди. Унга кўра Шоҳиддин Аҳмедов Бухоро шаҳридаги “Умид автолизинг” корхонасига “Нексия 3”автомобили учун 2018 йил август ойида 34.750.000 сўм нақд пул тўлаган. Аммо ҳозирга қадар автоуловни ололмаганидан норози бўлган. Федерация бундай муаммоларга ечим топишга доим ҳаракат қилади. Учар тадбиркордан истеъмолчининг 34.750.000 сўм нақд пули олиб берилди ва унинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Бухоро шаҳарида “Умид автолизинг”ни яна бир қурбони Вобкент тумани Янгикент ҚФЙ Ширин қишлоғида яшовчи фуқаро И. Рамазонов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки мурожаат қилган бўлиб, ушбу мурожаатда қайд этилишича истеъмолчи 2018 йил 6 август куни “Умид савдо файз инвест” МЧЖдан NEXIA-3 русумли автомашинаси харид қилиш учун шартнома тузган ва истеъмолчи шартномада кўрсатилган 34 750 000 сўмни тўлаган. Аммо автомашинани ўз вақтида етказилмаганидан норози бўлган. Истеъмолчининг мурожаати жамият ходимлари томонидан ўрганилиб, истеъмолчи ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тушунтирилди ҳамда истеъмолчининг тўлиқ 34 750 000 сўм нақд пули қайтариб берилди.

Бухородан яна шундай мурожаат келган бўлиб, Ғиждувон туманида яшовчи Ризқиддин Саидов ҳам “Умид автолизинг” билан “Cobalt” автомашинаси учун шартнома тузиб, тўлов қилган. Аммо шартномада келтирилган вақтдан ойлар ўтиб кетса-да, машинадан дарак бўлмаган. Федерация мутасаддилари аралашуви билан истеъмолчига автомашина тез фурсатда етказиб берилди.

Кутилган... аммо эгасига етиб келмаган автоулов

Бағдод тумани, Нурли йўл кўчаси, 28-уйда яшовчи М.Ҳошимовнинг ўз аризасида куюнчаклик билан ёзган шикояти ўрганилганда у ҳақ бўлиб чиқди.

Аризада баён қилинишича, “Умид савдо файз инвест” масъулияти чекланган жамияти Фарғона ҳудудий бўлими ва М. Хошимов ўртасида тузилган 2018-йил 30 апрель кунги № Ғ-26-сонли аванс тўлови тўғрисидаги шартномага асосан, Chevrolet Nexia-3 автомашинаси буюртма қилинган. М.Ҳошимовга жамият ҳисоб рақамига 36 025 000 сўм бошланғич тўловни амалга ошириш қайд этилган. Жамиятга эса автомашинани белгиланган муддат давомида истеъмолчига етказиб бериш мажбурияти юклатилган.

Истеъмолчи бошланғич тўловни амалга оширган бўлса-да, шартномада кўрсатилган муддатда Chevrolet Nexia-3 автомашинаси М.Ҳошимовга етказиб берилмаган. Охир-оқибат автомашина етказиб берилмаганлиги учун шартномани бекор қилиб, тўлов қилинган сумма қайтарилишини сўраб МЧЖга ариза билан мурожаат қилган. Бироқ шартномада кўрсатилган тўловнинг қайтарилиш муддати ўтса ҳам тўланган маблағ қайтарилмади.

Фарғона шаҳар жамияти томонидан ўрганиш давомида “Умид савдо файз инвест” МЧЖ Фарғона ҳудудий филиали раҳбариятига тегишли тушунтиришлар берилди. М.Ҳошимовнинг эътирозлари инобатга олиниб, Chevrolet Nexia-3 автомашинаси учун тўланган сумма тўлиқ қайтариб берилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Кегайли тумани бўлимига тумандаги Ақтуба овулида яшовчи фуқаро Қ.Юсупов мурожаат қилди.

Мурожаатда таъкидланишича, истеъмолчи 2018 йил 12 июнь куни “Умидсавдо-файзинвест” масъулияти чекланган жамияти билан лизинг асосида оқ рангли NEXIA-3 автомашинасини сотиб олиш учун шартнома тузганлиги ва 2018 йил 12 июнь куни 33 400 272 сўм, шундан 18 826 272 сўмини пластик картадан, 14 574 000 сўм нақд ўтказгани, пул тўлаганига 250 кун бўлган бўлса-да, на NEXIAдан ва на пулдан дарак йўқлиги қайт этилган.

Ушбу мурожаат юзасидан жамият мутахассислари ўрганиш ишларини олиб борди. Унга кўра, ҳақиқатдан лизинг ташкилоти шартнома шартларини бажармагани аниқланди. Ваҳоланки, шартномада пул ўтказилган кундан бошлаб 120 иш кунида автомобилни истеъмолчига топширилиши кўрсатилган.

Мурожаат ўрганиб чиқилгандан кейин 10 кун ичида Қ.Юсупов ўз хоҳишига кўра, пулини тўлиқ қайтариб олди.

8 ОЙЛИК УМИДЛАР ВА КУТИШЛАР...

Хизмат кўрсатувчи томонидан шартнома шартларига амал қилинмаганлиги сабабли олдиндан амалга оширилган 34 миллион 710 минг сўм маблағ истеъмолчи фойдасига ундирилди.

Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Косон тумани Равот маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳасан Самадов ариза билан мурожаат қилиб, Қарши шаҳрида жойлашган “Умид савдо файз инвест” МЧЖ хизматларидан норозилигини билдирган.

Аризада баён қилинишича, фуқаро Ҳ.Самадов “Nexia-3” русумли автомашинани узоқ муддатли лизинг асосида сотиб олиш учун “Умид савдо файз инвест” МЧЖ билан 2018 йил 6 февраль куни К-49-сонли шартнома имзолаган. Шартнома шартларига кўра, у лизинг хизмати кўрсатувчига 34 миллион 710 минг сўм тўловни олдиндан амалга ошириши, хизмат кўрсатувчи эса 120 кун муддатда автомашинани етказиб бериши лозим эди. Бироқ Ҳ.Самадов томонидан тўловлар ўз муддатида амалга оширилган бўлса-да, лизинг хизмати кўрсатувчи ташкилот транспорт воситасини етказиб бермаган. Бу ҳол жорий йилнинг 14 сентябрига қадар давом этгач, фуқаро Ҳ.Самадов ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Мазкур мурожаат тегишли тартибда ўрганилиб, “Умид савдо файз инвест” МЧЖ ва фуқаро ўртасида тузилган лизинг шартномаси истеъмолчининг ташаббусига кўра бир томонлама бекор қилинди ва автомашинани сотиб олиш учун тўланган пул истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.

Бундай мурожаатларни қатор –қатор келтириш мумкин. Сурхондарё вилоятидан келиб тушган аризада Рашид Шералиев “Lada Vesta” автомашинаси учун 56 млн. 300 минг сўм тўлов қилганини, бироқ бугунга қадар машинаси унга етиб келмаганидан норози бўлган. Яна бир сурхондарёлик Гулнора Жавлиева иккита “Damas” автомашинаси учун 67 миллион сўм тўлов қилган. Бу истеъмолчи ҳам анча сарсон бўлиб юргандан сўнг, Федерация ходимларининг саъй ҳаракати билан 33 миллион сўм маблағини қайтариб олган. Қолган 33, 5 миллион сўмни ҳанузгача олишга қийналишмоқда.

Келтирилган мурожаатларни ўргана туриб, ўйлаб қоласан киши юртимизнинг турли бурчакларида ўз бўлимларини очган “Умид автолизинг” МЧЖ наҳотки, меҳнаткаш, содда, машина олиш учун пешона тери билан меҳнат қилиб пул топадиган халқимизни алдашни мақсад қилишган бўлса? Зотан “Умид автолизинг” МЧЖ ходимлари, раҳбари “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” нақлини унутмаса бўлгани. Халқни норози қилиб топилган даромад эса ҳеч кимга буюрмайди!

Гулноза Шарафова,

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси

етакчи мутахассиси