Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғнорда ичимлик суви таъминоти 93 фоизга етказилади
14:46 / 2022-08-10

Улуғнор Андижон вилоятининг энг олис тумани ҳисобланади.

Чўл ҳудудларини ўзлаштириш ҳисобига ташкил этилган Улуғнорнинг ҳар бир гўшаси йилдан йилга обод бўлиб бормоқда. 

Янги-янги турар-жой массивлари, йўллар, мактаб ва боғчалар, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этилиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган дастурлар доирасида кейинги йилларда бу борадаги ишлар кўлами янада ортди. Бугунги кунга келиб, туманда аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражаси 87 фоизга етказилди.

[gallery-8245]

– Айни кунда ҳудудларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида салкам 48 километр масофага янги сув қувурлари тортилди, – дейди "Андижон сув таъминоти"  масъулияти чекланган жамияти Улуғнор тумани бўлими раҳбари  Илҳомжон Мирзакаримов. – Бундан ташқари, жорий йил ўтган даврида 6 та янги қудуқ ўрнатилди, 8 таси эса таъмирланди. Мазкур йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда. Умуман, йил якунига қадар аҳолининг ичимлик сув таъминоти даражасини 93 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Юқоридаги каби ишлар амалга оширилиши билан тумандаги  “Мингбулоқ”, “Фазогир”, Бобур, “Оқтош”, “Шифокор”, “Нуробод” ва “Сариқсув” каби маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади.

– Қарийб ўн йиллардан буён тумандаги Бобур, “Нурли ҳаёт”, “Шифокор” маҳаллаларида ичимлик суви муаммоси аҳолини қийнаб келар эди, – дейди  Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган  Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Нигорахон Жабборова. – Чунки ўттиз йиллар аввал тортилган сув қувурлари чириб, ёрилиб  кетганлигидан сув чиқмас, айниқса, Бобур маҳалласидаги учта кўча аҳолиси 1,5 километр узоқликдаги қўшни маҳалладан сувни ташиб ичар эди.

Ҳукуматимиз кўмаги билан бугун муаммо бартараф этилмоқда. Айни кунларда, Сув таъминот корхонаси, “Орзудаги хонадон” масъулияти чекланган жамияти ишчи ва мутахассислари томонидан юқоридаги учта маҳалланинг 19 та кўчасига янги қувурлар ёткизилмоқда, сув насослари ўрнатилмоқда. Насиб этса, яқин кунлар ичида ушбу жараён якунига етказилиб, ичимлик суви муаммоси тўла бартараф этилади. Бу Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлади.

Туманда ичимлик суви билан таъминланган маҳаллаларда хонадонларга замонавий сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 2 минг 800 та хонадонга замонавий сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган бўлса, йил охирига қадар 10 минг 300 та хонадонга ана шундай ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган.

Туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ бу каби ишлар режа асосида изчил давом этмоқда.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА