Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғбек Қосимов вилоят штабига тушган мурожаатни жойига чиқиб ўрганди
10:56 / 2023-12-13

Қишнинг совуқ кунлари бошланиб, аҳолининг энергия ресурсларига эҳтиёжи ортмоқда. Сурхондарё вилоятида совуқ оқимидан табиий газ босими пасайди. Бу ҳолат баъзи тармоқларда муаммоларни юзага келтириб, истеъмолчиларнинг вилоят навбатчилик штабига мурожаат этишига сабаб бўлди. Жумладан, Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласининг Фаровон массивидаги кўп қаватли уйларда яшайдиган истеъмолчилар штабга табиий газ таъминотидаги муаммолар бўйича мурожаат этди.

Президентимиз 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳридаги истеъмолчиларнинг табиий газ таъминотини яхшилаш ва “Термиз” эркин иқтисодий зонасини табиий газ билан таъминлаш учун Ангор туманидаги “Қорақир” автоматлаштирилган газ тақсимлаш шохобчасидан юқори босимли газ қувурларини тортиш топшириғини берган эди. Лекин, қурилиш ишлари бу йил ҳам якунланмади.  

Янги лойиҳа фойдаланишга топширилгач, вилоят марказидаги 10 мингга яқин кўп қаватли уй ва якка тартибдаги турар-жой биноси, шунингдек, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳа тармоқларига ишончли табиий газ етказиб берилади. “Термиз” эркин иқтисодий зонаси табиий газ билан таъминланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари кўпаяди, янги иш ўринлари барпо этилади.  

Улуғбек Қосимов штабга келиб тушган мурожаат асосида Термиз шаҳрининг Мажнунтол маҳалласидаги Фаровон массивида бўлиб, маҳалла “еттилиги” билан мавжуд муаммоларни муҳокама қилди. Фаровон массивида аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган табиий газ таъминоти билан боғлиқ масалаларни бартараф этиш бўйича соҳа мутасаддиларининг ахборотлари тингланди.  

Шу куни вилоят ҳокими Ангор туманида ҳам бўлиб лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. “Қорақир” автоматлаштирилган газ тақсимлаш шохобчасини кўздан кечирди. Қурувчилар газ тақсимлаш шохобчасидан Термиз шаҳригача 38,9 километр масофага юқори босимли газ тармоғини ўтказган. Айни пайтда уни паст босимли тармоққа улаш жараёнлари давом этмоқда.  

Вилоят ҳокими лойиҳани тезроқ якунлаш ва табиий газ таъминотини яхшилаш юзасидан топшириқлар берди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири