Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги Санъат саройида тиббиёт ходимлари билан учрашди.
Мулоқот чоғида вилоят раҳбари соҳани янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, беморларга сифатли хизмат кўратиш учун яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни барвақт аниқлаб, олдини олиш ва тиббий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш хусусида фикр алмашилди.

Вилоятда 30 мингдан ортиқ олий ва ўрта маълумотли тиббиёт ходими 261 та даволаш профилактика ва ёрдамчи муассасада аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг 15 таси кўп тармоқли марказий, 102 таси оилавий поликлиника, 57 таси оилавий шифокорлик пунктларидир. Жорий йилда аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш кўламини янада ошириш, бирламчи тиббий ёрдамни халққа янада яқинлаштириш учун 47 та янги поликлиника ва оилавий шифокорлик пункти, 30 та маҳалла тиббий пунктлари барпо этилади. Аҳолининг умр давомийлигини оширишга қаратилган скрининг дастурлари давом эттирилиб, касалликларни эрта босқичларда аниқлаш даражаси 50 фоизга етказилади.
Ихтисослашган тиббий ёрдам кўламини янада кенгайтириш учун вилоятнинг ўзида амалга оширилаётган буйракни кўчириш, юрак тож томирларини стендлаш, юрак касалликларини ёпиқ усулда жарроҳлик амалиётлари билан даволаш, бўғим касалликларини эндопротезлаш каби муолажалар давом эттирилади. Вилоят тарихида илк марта ишлаб турган юракда “Очиқ юрак жарроҳлик амалиёти” йўлга қўйилади.
Президентимизнинг соҳага қаратаётган алоҳида эътибори воҳада тиббиётни янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, жорий йил якунигача вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббиётнинг асосий йўналишларидан бири бўлган “Тиббиёт шаҳарчаси” қурилиб, фойдаланишга топширилади. Беморларнинг республика марказидаги клиникаларга қатновига чек қўйиш учун мамлакатимизнинг энг етакчи мутахассис ва олимлари ҳамкорлигида 1 минг 500 дан ортиқ юқори технологияли операция ўтказилади. Соғлиқни сақлаш тизимида соғлом рақобатни шакллантириш учун замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланган 25 та нодавлат тиббиёт муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 350 тага етказилади. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, туманлараро перинатал марказлари барпо этилади ва туғуруқ комплекслари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил Термиз шаҳрида Тошкент тиббиёт академиясининг филиали ташкил этилган эди. Айни пайтда мазкур олий таълим муассасасида 2 минг 400 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 1 минг 611 нафари сурхондарёлик йигит-қизлар. Бу йил 284 нафар сурхондарёлик бўлажак тиббиёт ходимлари филиални битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади. Вилоятда тиббиёт соҳаси кадрларига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун мамлакатимизнинг бошқа етакчи таълим муассасаларига ҳам алоҳида квоталар ажратилаётгани давлатимизнинг воҳа аҳолиси саломатлигини сақлашга кўрсатаётган ғамхўрлиги ифодасидир.
–Бугун тиббиёт ходимининг биринчи галдаги муҳим вазифаларидан бири аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, халқимизнинг жисмоний фаоллигини кунлик одатга айлантиришига алоҳида эътибор қаратишдан иборат, – деди вилоят ҳокими. – Бунинг учун сизлар ҳар бир маҳалла ва хонадонга кириб боришингиз, бу ишларнинг барчаси инсон саломатлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини кенг тарғиб қилишингиз лозим. Бу жараёнда патронаж ҳамшираларининг ўз ўрни бўлиши зарур. Вилоятда соғлом турмуш тарзига риоя этиш умуммиллий ҳаракатга, тиббий маданият юксак қадриятга айланиши керак. Бундай эзгу ишни амалга оширишда сизларнинг ғоя ва таклифларингизни ҳамиша қўллаб-қувватлайман.
Учрашувда тиббиёт ходимларининг соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялари тингланди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари белгилаб олинди. Вилоят ҳокими қон топшириб, донорлик акциясига старт берди.
Учрашув якунида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига махсус жиҳозланган автомашиналар топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири