Давлат мадҳияси – халқимиз руҳияти, бирлиги ва мустақиллик ғояларининг тимсоли бўлиб, миллий ғурур ва Ватанга муҳаббатни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида 10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг давлат тили ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Зиёда Аҳмедова давлатимиз мадҳиясининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, унинг халқимиз ғурури, бирлиги ва Ватанга муҳаббат рамзи эканлигини таъкидлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси халқимиз маънавияти, бирлиги ва Ватанга муҳаббатини ифодаловчи муқаддас рамз ҳисобланади. Тадбирда мавзу юзасидан иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мадҳияда ифода этилган ҳар бир сўз фуқароларнинг ҳаёти ва қалбида муҳим ўрин эгаллашига тўхталиб ўтди.
– Давлат мадҳияси халқимизнинг ғурури, озод ва обод Ватан барпо этиш йўлидаги қатъий иродаси, бирлик ва ҳамжиҳатлигининг тимсолидир. Ҳар бир мусиқий қўшиқ ва сатрда миллий қадриятларимиз, халқимиз маънавияти ва келажакка ишонч акс этади. Шу боис, мадҳия нафақат расмий байрамларда, балки ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Айтиш керакки, “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” шиори остида ўтказилган ушбу маданий-маърифий тадбир иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Улар бу жараёнда ўз билим ва салоҳиятини ҳам синаб кўрди, – деди З.Аҳмедова.
Шундан сўнг вазирлик ходимлари орасида турли маънавий ва интеллектуал мусобақалар ҳам ўтказилди. “Жадидлар меросини ўрганиш” мавзусидаги оммавий диктант тадбири иштирокчиларнинг тарихий билимларини синаш имконини берди. Шунингдек, “Энг ифодали шеър” ва “Мақоллар билимдони” танловлари ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА