Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
17:20 / 2020-12-10

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейида “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ижроси билан бошланди.

Тадбирда мамлакатимиз мадҳиясининг қабул қилиниш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, гўзал ва жозибадор мадҳиямиз юртимизнинг ҳар бир фуқароси онгу шууридан мустаҳкам жой эгаллаганлиги, Ватанимизнинг куч-қудрати, ҳар бир юртдошимиз қалбида келажакка ишонч ва юртга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаши, ўзида халқимизнинг буюк ўтмиши, ўзига хос ҳаётий фалсафаси ва мазмуни билан дунёнинг қолган давлатлари мадҳияларидан яққол ажралиб туриши, қалбларимизга шукуҳ, шижоат ва ифтихорга тўлдириши таъкидланди.

Таълим муассасасида тадбир доирасида гуруҳларда фан ўқитувчилари томонидан Давлатимиз мадҳиясининг қабул қилиниш тарихи, унинг муаллифлари А.Орипов ҳамда М.Бурхонов ҳаёти, ижоди бўйича дарслар, шунингдек, давлатимиз мадҳиясини эъзозлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган иншолар ва деворий газеталар танлови ўтказилди.

– Ҳар тонг дарсларимиз мадҳиямиз садолари билан бошланади, – дейди лицейнинг 1-босқич ўқувчиси Мафтунахон Ибайдуллаева. 

– Бу бизга куч, шижоат беради, қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Мазкур тадбир ўқувчи-ёшлар онгида давлатимиз рамзларига бўлган ҳурмат, эътиборни ва эъзозни янада оширишга хизмат қилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА